Бир неча йиллар ички ишлар органларида фаолият юритиб, пенсияга чиққан Абдумавлон Абдуқодиров пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Махмур номли маҳаллага раислик қилади. Тиниб-тинчимас бу инсон бир пайтнинг ўзида туман ИИОФМБ бошлиғининг маслаҳатчиси вазифасида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Хизмат фаолиятини 1989 йилда бошлаган ходим, кейинчалик турли лавозимларда эл-юрт осойишталиги учун хизмат қилди. ИИВ Қоровул қўшинлари, ИИВ ЖТСББ бўлим бошлиғи ҳамда Яшнобод тумани ИИОФМБ бошлиғи ўринбосари сифатида самарали хизмат қилган ходим бугунги кунда билими ва тажрибаси билан шахсий таркибга, раҳбариятга ҳамда ёш ходимларга қўлидан келганча ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Бундан ташқари, фахрийлар кенгаши билан ҳамкорликда пенсиядаги ва ногиронлиги бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олишда фаол иштирок этмоқда.
Қаҳрамонимиз қарийб 7 йилдан буён раислик қилаётган маҳаллада 3000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Оқсоқол доимий ёрдамчилари ва ҳаммаслаклари – профилактика инспектори, лейтенант Нодир Шукуров, оила, хотин қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Заҳро Аҳмедова, ҳоким ёрдамчиси Мурод Шамуратов, Ёшлар етакчиси Садоқат Жўрабоевалар билан биргаликда ҳудуд ободлиги ва осойишталиги учун бор кучларини сафарбар қилишмоқда.
– Омадим бор, тажрибали, узоқ йиллар ички ишлар органларида фаолият юритган фидойи инсон ишлаётган маҳаллада профилактика инспекториман, – дейди лейтенант Н. Шукуров. – Устоздан ҳамда яқинда пенсияга кузатилган профилактика катта инспектори, подполковник Ғофур Толлиевдан ҳаётий ҳамда фаолиятимизга оид кўп нарсаларни ўргандим. Абдумавлон аканинг оталарча меҳри менга янада куч ва ғайрат бағишлайди. Шунинг учун ҳам, хизматнинг қийинчиликлари сезилмайди.
Ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар натижаси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада бирорта ҳам жиноят юз бермади.
Маҳаллада Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Фёдор Федин истиқомат қилади. Абдумавлон ака унинг ҳолидан ҳам хабардор бўлиб туради. Ўтган йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамида Президентимиз Фёдор Федин хонадонига ташриф буюриб, отахоннинг ҳолидан хабар олган эди. Отахон 97 ёшни қаршилаётган бўлса-да, ҳали тетик ва бардам.
Аномал совуқ даврида маҳалла ҳудудида жойлашган трансформатор катта кучланиш таъсирида ёниб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолди. Маҳалла раиси туман электр тармоқлари идораси мутасаддилари билан ҳамкорликда тезда янги трансформатор ўрнатилишида бош-қош бўлди. Аммо бу масала тўлалигича ҳал этилди дегани эмас. Чунки аҳоли сонининг ўсиб бориши, тадбиркорлик ва ижтимоий объектларнинг кўпайишини инобатга олсак, қайта тикланувчи энергияга эҳтиёж бор. Шунинг учун ҳам яқинда мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун субсидия берилиши белгилаб берилган эди. Шу мақсадда маҳалланинг Мажнунтол кўчаси 133-уйда яшовчи Соҳиб Акрамовнинг мурожаатига асосан, унга субсидия ажратиладиган бўлди. Уйининг томига 50 кв.м майдонга қуёш панели ўрнатилиши режалаштирилди.
Қаҳрамонимиз йўлини давом эттираётган ўғли, подполковник Жавлон Абдуқодиров Яшнобод тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат қилмоқда. Ҳали-ҳамон икки жабҳада фидойилик кўрсатаётган, ёшларча шижоатга эга юрт фарзанди учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?!
Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.
Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.
Тошкент шаҳри.
© POSTDA – На посту