... қўшнингни ўғри тутма, деган мақолни эшитгансиз, албатта. Шундай бўлгач, ўз эҳтиётингизни қилишингиз шарт эмасми? Ўғри битта бўлади, лекин гумонда ...
– Агарда фуқароларимиз оддий ҳимояланиш, эҳтиёт чораларига амал қилишганда эди, кўплаб қонунбузарликларнинг, кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлар эди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, капитан Оғабек Қиличов. – Ҳушёрликни йўқотиш оқибатида фуқаролар қимматбаҳо мол-мулкларидан айрилибгина қолмай, асаблари, саломатлигига путур етказиб, кўп вақтларини кетказишади.
Маҳмудхўжа бир неча бор суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келган. Ҳаётининг кўп йилларини панжара ортида ўтказган. Афсуски, бу йиллар унинг ўз ҳаёти ҳақида жиддий ўйлаб кўриш, умрини савобли, фойдали ишларга сарф қилиш ҳақида ўйлашига етмаган кўринади. Қилган ишларидан тўғри хулоса чиқармаган, қилмишидан пушаймон бўлмаган шекилли, яна жиноятга қўл урди.
2023 йилнинг 6 июнида у тумандаги Ал-Хоразмий кўчасида санғиб юриб, Жўраевга тегишли бўлган “Labo” автомашинасига яқинлашди. Машина эшиги очиқ қолдирилган экан, салонда ҳайдовчига тегишли, нархи 1.800.000 сўм бўлган “Sаmsung” уяли телефонини ва 500.000 сўмни қўлга киритиб, яширинди. Шу куннинг ўзида кечга бориб, Сўгалли ота кўчасида Турғунбоевга тегишли бўлган “Labо” автомашинасининг эшиги очиқлигидан фойдаланиб, салондаги “Iphone X” уяли телефонини ўмарди. Етмаганига ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам ғаразли мақсадда олиб, йиртиб, кўчага ташлаб кетди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан Маҳмудхўжага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) билан беш йил, 227-моддаси (“Ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ”) билан бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Маҳмудхўжага узил-кесил беш йилу уч ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.