Юнусобод туманидаги учинчи секторда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар фаровонлигини юксалтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён бу ерда ҳамюртлар фаровонлигини ошириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, йил бошида сектор ишчи гуруҳи томонидан «Адолат» маҳалласида истиқомат қилаётган 400 дан ортиқ оиланинг турмуш шароити ўрганилди. Ўрганишлар давомида фуқароларни ўйлантираётган қатор муаммолар аниқланди.
Мазкур маҳаллада ўтказилган ўрганишлардан сўнг 3-сектор раҳбари полковник Aбдумажид Шермухамедов ташаббуси билан масъул идора ва ташкилотлар билан биргаликда сайёр қабул ташкил этилди. 40 тадан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти коммунал, уй-жой ва ер билан таъминлаш, бандлик масаласига оид. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, кредит олиш, моддий ёрдам ажратиш, давлат хизмати фаолияти, пенсия ва нафақа, алимент ундириш ва бошқа масалалар юзасидан ҳам мурожаат қилинди. Айрим ариза ва мурожаатлар ижобий ечимини топди, қолганлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар маҳаллалар фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган оилалардан хабар олишди.
Жумладан, яқинда ходимлар Буюк Турон маҳалласида ёлғиз яшовчи кекса 86 ёшли Жанна Тринкинани ҳолидан хабар олдилар. Суҳбат давомида онахон малакали тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланди. Ходимларнинг кўмаги билан туман поликлиникаси ҳамда 4-сектор масъуллари билан аёлга тиббий муассасага даволаниш учун йўлланма ва жарроҳлик муолажаси учун моддий ёрдам ажратишга келишиб олинди. Шунингдек, шу маҳаллада яшовчи Тамара Адриянованинг ҳолидан хабар олиниб, унинг турмуш шароити, муаммолари билан қизиқишди. Кекса аёл бир ўзи яшашини ва ундан тез-тез хабар олиб туришларини сўраб қолди. туманда хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни ўрганиш жараёнлари давом этмоқда.