24 Январ 2024 йил 1571

Ёшларга эътибор

Хабарингиз бор, Президентимиз томонидан 2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган ва давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ва Миллий гвардияга бир миллион нафардан ёшлар бириктирилган. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи 3-секторларда истиқомат қилувчи 100 минг нафар ёшларга масъул этиб белгиланди. Куни кеча Тошкент давлат иқтисодиёт Университетида пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов иштирокида 3-секторда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари ва ҳудудий ички ишлар бўлимларининг масъул ходимлари билан кечиктириб бўлмас вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда пойтахт туманларидаги 3-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи ёшларнинг балансини шакллантириш, ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, хоҳиш ва истаклари, муаммо ва масалаларини ўрганиб рўйхатга олиш топшириғи берилди. Бу борада маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига профилактика инспекторлари ва ички ишлар бўлимлари бошлиқлари яқиндан ёрдам бериши шарт эканлиги айтилди.

Учрашув давомида қандай ёшлар билан ишлаш шартлиги ҳам қайд этилди. Хусусан, оила ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, мактаб, ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда меҳнат жамоаларидаги ёшлар қамраб олинади. Ёшлар билан босқичма-босқич манзилли ишлар олиб борилади.

Жумладан, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат, ватанпарварлик, мардлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, “Ватанпарварлик ва миллий қадрият” мавзуларида суҳбат ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилди. Ёшлар онгида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида маҳаллаларда, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида “Ҳуқуқий тарғибот кунлари” ва “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйинлари, ҳуқуқий тарғибот акцияларини ўтказилади.

Ёшлар бандлигини таъминлашга, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олишига, субсидия ажратилиши, касб-ҳунар ва тадбиркорлик ўқув марказларида таҳсил олишларида ёрдам берилади.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилиб, ёшларни спорт тўгаракларига жалб қилиш орқали Ватан ҳимоясига тайёрлаш учун жисмонан чиниқтирилади.

Мақсад – униб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўЗ ўрнини топиб кетишларига кўмаклашишдан иборат. Учрашув давомида масъулларга ёшлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўймаслик, берилган топшириқлар ижросини масъулият билан бажариш топшириғи берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech