Боир (исм-шарифи ўзгартирилган) ота-онаси давлатию савлати эканлигини кеч англади. Уларнинг вафотидан сўнг гарчи оиласи, икки фарзанди бўлишига қарамай, ўзини ёлғиз сезарди. Тириклигида ота-онасининг қадрига етмагани, меҳр кўрсата олмагани, хизматида бўлолмагани қалбини ўртарди. Фарзандларини уйли-жойли қилиб, елкасидан тоғ ағдарилгани, оталик вазифасини бажариб қўйгани билан, фарзандлик бурчини бажара олмагани армон эди. Ота-онанинг ўрнини ким ҳам боса оларди...
Соғинч ҳисси ўртаганда, тез-тез қабристонга бориб, уларни йўқлаб, ғойибона “гаплашиб, узр сўраб” келарди. Шундай кунларнинг бирида дардини айтиб енгил тортган Боир кетишга ҳозирланди. Катта кўчага чиқишда йўл четида ўсиб ётган нашага ўхшаш ўсимликни кўриб, хаёлига татиб кўриш фикри келди. Уйига келгач, қуёшга қўйиб қуритиб олди ва интернетда кўрсатилганидек истеъмол қилиш учун тайёрлади. Шу-шу бу унинг машғулотига айланди. Хотини Боирнинг ётоқхонасидан ғалати ҳидни сезиб сўраганда, ҳашаротларни қувиш учун восита тайёрлаганини айтди. Энди у қабристонга янаям серқатнов бўлиб қолди. Вақт ўтиб нашадан тайёрлаган “ҳашаротларни қувувчи воситаси” уни қониқтирмай қўйди. Янада кучли ва маст қилувчи восита излаб интернетга кирди. Тармоқ орқали гашиш моддаси сотувчисини топди. Пластик картаси орқали икки юз минг сўмга яқин пул ўтказиб, сотувчи жўнатган геолокация бўйича манзилни топиб, буюртмани олди. Маълум муддатдан сўнг гашишга ўрганган Боир янаям ўткирроғини татиб кўришни истади. Ҳолбуки, энди уни танасидаги оғриқ ва уйқусизлик, тушкунлик ва ланжлик безовта қилар, беҳаловат ва жиззаки бўлиб қолганди. гашиш бу дардларни енгишга қодир эмасди. Тармоқдаги “ҳожатбарорлар” унга нархи “сал қимматроғу аммо зўр кайф берувчи” героин татиб кўришни маслаҳат беришди. Шундай қилиб у гиёҳвандликнинг “чўққиси”га чиқиб олди. Энди унга героингина ёрдам берар, бу орада хотинининг, фарзандларининг ҳам тинчи йўқолган, уйдан қиммати бўлган буюмлар ғойиб бўлар, Боир билан жанжалсиз ва тўғриликча гаплашишнинг имкони йўқ эди. Ёши элликдан ошиб, сочларига оқ оралаган, неварали, қуда-андали, яқинлари, қўни-қўшнилари орасида ҳурмат ва эътиборга сазовор одамнинг бундай тубан кетиши уни билганларнинг хаёлига ҳам келмаганди-да.. Бу қандай шармандалик, иснод... Улар қандай қилиб Боирни гиёҳвандлик чангалидан қутқариш ҳақида қайғуришарди.
Оиладан барака ва тинчлик йўқолиб, муносабатлар инқирозга юз тутган кунларнинг бирида эшик қўнғироғи жиринглади. Хотини эшикни очди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Остонада ички ишлар ходимлари турарди. Ходимлар холислар иштирокида уйда тинтув-тергов ҳаракатларини олиб боришди. Натижада баклажка ичида қора-қўнғир рангли наша, шприц ичида истеъмолга тайёр, музлаткич устида қоғозга ўралган героин, йўлакдаги пойафзал тумбаси ичидан гашиш моддалари, шкаф тортмасига авайлаб яшириб қўйилган бир неча ўқотар қурол ўқлари холислар кўз ўнгида топиб олинди. Аниқланган катта миқдордаги наркотик моддалар ва ўқлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Терговда Боир ушбу моддалар қандай қилиб уйида пайдо бўлганлиги ва кимдан сотиб олганлигини эслай олмаслигини маълум қилди.
Судда мазкур моддаларни ўз эҳтиёжи учун сақлаб келганлигини, сотиш нияти бўлмаганлигини, ўқларни эса акаси эсдалик сифатида совға қилганлигини баён қилди. Суд-наркологик экспертизаси ўтказилганда, унинг гиёҳванд моддаларига қарамлиги тасдиқланди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан Боирга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, жазони ўташ манзилида мажбурий даволаниши ҳақида ҳукм чиқарилди.