23 Июл 2024 йил 904

Ёмон улфат – келтирар кулфат

Янги йил арафаси, аниқроғи 2023 йилнинг 29 декабри. Зокиржон  сўнги бор жазони ўтаб қайтгач,  Чилонзор туманидаги нонвойхоналардан бирида  иш бошлади. Шериги Ҳусанбой билан тезда тил топишиб кетди. Улар ёпаётган нонлар совимасдан аҳоли дастурхонидан жой оларди. Ўша куни Зокиржон шеригига кечки овқатни бирга қилиш таклифини берди ва гўшт олиб келиш учун бозорга кетди. Йўл-йўлакай тамаддихонага кириб, спиртли ичимлик ичди. Кечки овқат учун яна бир шиша харид қилди. Чеҳраси очилиб нонвойхонага келган Зокиржон ўз қўллари билан ош дамлашини, Ҳусанбой бошқа ишларини қилавериши мумкинлигини айтиб овқатга уннади. Кечки овқат маҳали шиша очилиб, иккиси бир шиша ароқни бўшатишди.

Кайфи ошган Зокиржоннинг кўзи синган газ винтелига тушди ва Ҳусанбойдан нега синдирганини сўраганда, у винтелга умуман тегмаганини айтди. Зокиржон унинг сўзларига ишонмади. Ҳусанбой эса тан олмади. Ёлғончиликда айблаган Зокир столдаги пичоқни олиб унинг қорин қисмига санчди. Шовиллаб отилган қондан ўзига келиб, шу заҳотиёқ “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилди. 

– Спиртли ичимлик бўлган жойда кўнгилсизлик бўлиши тайин, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Баҳром Эгамбердиев. – Зокиржон ўз вақтида жабрдийдага ёрдам кўрсатгани билан  Ҳусанбойга етказилган жароҳат “ҳаёт учун хавфли”, деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Зокиржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга нисбатан  Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech