2006 йилда ўғирлик жинояти содир этгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган Бекзод озодликка чиқиб ҳам тайинли бирор ишда ишламади. Кунлик ёлланма ишга истаса чиқади, истамаса йўқ. На топиш-тутишида, на муомаласида тайини бўлмаган Бекзодни турмуш ўртоғи ҳам ташлаб кетди. Бошида уч нафар фарзанди учун алимент олиш мақсадида судга бермоқчи бўлди, лекин ўйлаб-ўйлаб бу ҳаётда бирор қизиқиши, бирор умиди бўлмаган бу одамдан ҳеч нарса олмасликка қарор қилди. Фақат уни ва болаларини тинч қўйса бўлгани. Бекзод эса барча масъулиятдан қутулганидан хурсанд. Фақат ўз қорни ва нафсини ўйлайди. У 2023 йилнинг 19 май куни тунда А.Орифжон билан тасодифан танишиб қолди. Улар нонушта қилиш мақсадида, қаҳвахонага киришди, танишиш шарофатига спиртли ичимликлар истеъмол қилишди. Ориф ҳали у, ҳали бу телефонини олиб, кимларгадир қўнғироқ қилиб гаплашди. Унинг иккита уяли телефони борлиги Бекзоднинг эътиборини тортди. Қаҳвахонадан чиқиб Бекзод алдов йўли билан унга уйини кўрсатишини, исталган вақтида меҳмони бўлишини айтиб, атай овлоқроқ жойга бошлади.
— Унинг ишончига кирган Бекзод атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ердан тошни олиб унинг бошига урган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Ҳазратов. – Нархи 1.200.000 сўм бўлган “Samsung” телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади. Жабрланувчи ҳаёти учун хавфли бўлмаган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган Бекзоднинг қилмишига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (“Босқинчилик”) билан айбли деб топди. Ўз ихтиёри билан ўғирланган телефонни ички ишлар органлари ходимларига тақдим этганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда у 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.