Улуғбек бошини ҳар ёққа уриб кўрди, бироқ кўнглидагидек иш топа олмай, пойтахтга йўл олди. Бу ерда ҳам тезда омади юришавермади. Оғир меҳнатга эса бўйни ёр бермади. Ахир оғир меҳнатдан қочиб Тошкентдек шаҳри азимга келмаганмиди? Бир ярим йили шу алфозда ўтиб кетди. Ахийри, уй-жой олди-сотдиси – маклерлик билан шуғулланишни бошлади-ю, жойини топгандек бўлди. Терламайсан, кунда куйиб кетмон чопмайсан, ўроқ ўрмайсан, соя-салқинда юрасан, мазза қилиб... Йил ўтмасдан мижозлар билан ишлаш, нарх-навони қандай қўйиш, “молни” қандай мақташ-у ишончга кириш сирларини ўзлаштирди.
Ҳаммаси яхши кетаётганди, аммо 2023 йил унга омад келтирмади. Янги йилни яхши ниятларда кутиб олган Улуғбек 2 январь куни яна танишлари билан учрашди. Озгина спиртли ичимлик ичиб, гурунглашиб ўтирганида уяли телефони жиринглади. Маклерлар учун телефон қўнғироғи сув ва ҳаводан ҳам муҳимроқ. Чунки, мижозлар бу – пул дегани. У дарров телефонини кўтарди. Бундан бир неча кун аввал ижарага уй топиб беришини сўраган Равшаной қўнғироқ қилаётганди. Улуғбек аллақачон эълонлар орқали Жаҳонгир деган шахс билан ижара масаласини ҳал қилиб қўйганди. У қизга фалон жойга келишини ижара уйини кўрсатишини айтди. Келишилган жойда қиз дугонаси ва яна икки йигит билан уни кутиб туришарди.
Улар гаплашиб улгурмай, уй эгаси ҳам чиқиб келди. Қизлар ва йигитларни кўриб Жаҳонгир :
— Мен оилалиларни қўяман, деганман. Буларни миллионга ҳам қўймайман, – дея жаҳл қилиб, шартта бурилиб кетаётганида, йигитлардан бири:
— Э-э-э, тўхтанг, сиз нотўғри тушундингиз. Биз шунчаки... – йигит чайналаётган эди, уй эгаси “биламиз” дегандек ўқрайиб қаради-да бурилиб кета бошлади.
— Хўш, бу ёғи қандоқ бўлди? – дея йигитлардан бири Улуғбекка таънакор қаради. Унинг қарашида “қўлингдан нима келади ўзи, ландавур” деган кесатиқ бор эди. Улуғбек ўзини оқламоқчи бўлиб:
— Менга бир ўзимман, дегандингиз-ку! – дея Равшанойга қаради. Қиз ҳам унга ҳисобот бермаслигини, маклерми ишини дўндириб қилиши кераклигини, шахсий ҳаётига аралашишга ҳақи йўқлигини айтаркан, йигитлар ҳам жим турмади. Ўртада жанжал чиқди.
– Ўша куни у спиртли ичимликлар ичгани боис жанжал оқибатида йигитлардан бири – Камронга ҳаёти учун хавфли бўлган оғир турдаги тан жароҳати етказганини эслай олмади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Исроил Ғанибоев. – Аммо у чин дилдан қилмиши учун пушаймон бўлиб, воқеа иштирокчиларидан кечирим сўради.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Улуғбекни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Улуғбекнинг шахси ижобий тавсифланиши, оилавий шароити, жабрланувчи билан ярашиб, даъвоси йўқлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, унга 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.