5 Апрел 2022 йил 1293

Янгиҳаёт тумани аҳолисининг муаммолари ўрганилди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Янгиҳаёт тумани аҳолиси билан “Ёрқин ҳаёт” маҳалласида ўтказилди. Генерал-майор Азиз Ташпулатов ҳамда Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Инагамов томонидан қабулга келган ҳар бир фуқаронинг мурожаати тингланди. 30 дан ортиқ муаммолар мутасаддилар билан ҳамкорликда ўрганилди. 11 нафар фуқаронинг муаммоси жойида ҳал этилди, 4 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича юридик тушунтиришлар берилди, 14 та мурожаатни ўрганиб ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.

Энг қизиғи 4 нафар фуқаро муқаддам қилган мурожаати ижобий ҳал бўлганлигидан хурсанд бўлиб, миннатдорчилик билдириш учун қабулга келган экан. Уларнинг давлатимизга бўлган ишончи ва илиқ сўзлари қабулга келган бошқа фуқароларнинг ҳам кайфиятини кўтарди.

Шунингдек, Азиз Ташпулатов ва Ҳаёт Инагамов сайёр қабулдан сўнг туман ҳудудида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида ҳудудни пиёда кезишди. Савдо мажмуаларида тадбиркорлар билан суҳбатлашишди. Бу каби ўрганишлар ва сайёр қабуллар барча туманларда давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech