24 Феврал 2024 йил 1968

Янги лойиҳа ижобий натижалар бермоқда

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Зўравонликка – йўл йўқ!” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар Тошкент шаҳар Хотин-қизларни реабилитация ва мослаштириш маркази мутахассислари билан ҳамкорликда тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари билан бир қатор профилактика тадбирлари ўтказмоқда. Хусусан, марказдаги аёллар билан якка тартибда суҳбатлар, психологик тренинглар ўтказилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда, аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Масалан, Учтепа туманида яшовчи 27 ёшли М.З. билан суҳбатлашиш давомида аёл эри, 4 нафар вояга етмаган фарзандлари ва қайниукаси билан 1 хонали уйда яшашини айтди. қайниукаси спиртли ичимлик ичиб уни ва фарзандларини безовта қилиб, доимий равишда жанжал тўполонларга сабаб бўлаётганлигини, у томонидан тазйиққа учраётганлигини ҳамда бунинг натижасида турмуш ўртоғи билан низоли вазият юзага келаётганлигини маълум қилди. Маҳалла фаоллари билан биргаликда оиладаги ижтимоий-маиший вазият пухта ўрганилди. Қайниука Хоразм вилоятидаги ўзининг доимий яшаш манзилига юборилди ва оиладаги муносабатларга учинчи шахснинг аралашувига чек қўйилди. Натижада аёл ўз турмуш ўртоғи билан ярашиб олди.

Яна бир ҳолатда Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли Ф.Б. оғир шароитда қолганлигини маълум қилди. У 2 нафар фарзандлари билан турмуш ўртоғи ва қайнонаси билан яшайди. Аёл ўзи ва фарзандлари қайнонаси ва эри томонидан тазйиққа учраётганини маълум қилди. Ф. Б.нинг мурожаати ўрганилиб, унинг ҳуқуқлари тушунтирилди ва ҳимоя ордери берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech