8 Январ 2025 йил 72

Хизматдаги ҳар бир соҳанинг ўз ўрни бор

Ички ишларда хизмат қилиш ҳар кимга ҳам насиб эмас. Кимдир форма кийганларга ҳаваси билан, кимдир саргузашт излаб, яна биров Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, халқига хизмат қилиш орзусида келади. Бу йўлда турли соҳалар фаолияти, турли вазифалар белгиланган. Аммо уларнинг барчасидан мақсад битта – юртда тинчлик, барқарорликни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давлат, халқ манфаатларига хизмат қилиш, фуқароларимизнинг эмин-эркин яшаши, ишлаши, ўқиши, ижод қилиши, ҳаётдан завқ олишини таъминлашга қаратилганлигини гувоҳи бўлгач, хизмат фақат жиноят–қидирув, қува-қув, отишма, олишув ва тергов қилишдан иборат эмаслигини англайди. Лавҳамиз қаҳрамони Рустам Раҳимбердиев ҳам хизматга киришдан олдин шундай ўйлаганди. Рустам юртимиз Қуролли Кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, хизматни 2005 йилда Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармаси 1-батальони 2-отряди миилиционери лавозимида, сафдорликдан иш бошлади. Давлат аҳамиятига молик объект ва иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлашдек ўта муҳим ва масъулиятли вазифани бекаму кўст бажариш, ишониб топширилган халқ хўжалиги, саноат ва маданий-ижтимоий мол-мулкларни асраш муҳим вазифа. Унинг сир-асрорларини устозлари: отряд бошлиғи, майор Рустам Маҳмудов, гуруҳ бошлиғи, капитан Сирожиддин Рауповлардан қунт билан ўрганди. Хизматга янада чуқурроқ ёндашиш, билимларини ошириш мақсадида устозлари маслаҳати ва йўлланмаси билан Республика ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ўқишга кирди. Уни кичик сержант унвони билан муваффақиятли тамомлаган Рустам пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот маркази инспекторлигида хизматни давом эттирди. Курсларда олган билимларини мустаҳкамлаш, амалиётда самарали қўллаш, хизматнинг ўзига хос “икир-чикир”ларини ўрганиш борасида устозлари: марказ бошлиқ ўринбосари, подполковник Абдурасул Абдувакилов, бош муҳандис, майор Асрор Самигов, катта инспектор, сержант Элвира Салиевалар яқиндан ёрдам беришди. Р.Раҳимбердиев устозларининг номларини ҳали-ҳануз чуқур эҳтиром ва ҳурмат билан тилга олади. Бугунги кунда катта сержант Рустам Раҳимбердиев Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази мутахассиси бўлиб фаолият юритар экан, жиноятлар ҳисобини тўғри юритиш, суд қарорларини ижросини қайдлаш, қайта ишлаш, жиноят ишларининг ҳаракати ва якуний қарорлари, ойлик, чорак, ярим ва йиллик ҳисоботлар, статистик ҳисоботларни тайёрлашда фаол. Фаолияти давомида ўз устида кўпроқ ишлаши, малакасини ошириш лозимлигини англаган Рустам айни пайтда ИИВ Академиясида сиртдан таҳсил олмоқда. Зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш баробарида турмуш ўртоғи Камолахон билан биргаликда икки ўғил ва бир қизни юрт корига ярайдиган, соғлом фикрли, билимли ва баркамол инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келишмоқда. Тўнғич фарзанди Иброҳим Республика ИИВ 1-сонли Академик лицейнинг 2-босқичида таҳсил олаётган бўлса, қизи Зиёда ва кенжаси Умаржон ҳали мактаб ўқувчилари. Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, фарзандлари ота изидан бориб, халққа хизмат қилиш қаторида ота-она юзини ёруғ қилибгина қолмай, олқиш ва саодат келтиради.

Барча янгиликлар

Text to speech