8 Август 2024 йил 1026

Хизмат ва спортда пешқадам

Фахриддин Шарипов болалигидан спортга ошно оилада вояга етди. Отаси Ҳусниддин ака, амакилари ҳар қандай шароитда жисмоний машғулотларни тарк этмасди. Спорт мусобақаларида қатнашиб совриндор ўринларни қўлга киритишарди. Бу қизиқиш ва иштиёқ Фахриддинни ҳам ўз домига тортди. Бора-бора спорт ҳаёт тарзининг ажралмас қисмига айланди. Ғолиблик нашъасини туйишдек завқли ҳиссиёт эса уни янги ва янги зафарлар сари ундайверди.

Фахриддин Тошкент давлат юридик институтини муваффақиятли тугатиб, ички ишлар идораларидаги илк фаолиятини 2018 йили Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда катта инспектор лавозимида, лейтенант унвонида  бошлади. Бироқ уни тергов соҳаси кўпроқ қизиқтирар, ярқираб турган машъалдек ўзига тортарди. Кўп ўтмай орзусига эришди. Пойтахт Юнусобод тумани ИИО ФМБ Жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси, катта лейтенант унвонида иш бошлади. Устозлари – бўлинма бошлиғи, майор Маъруф Санақулов, катта терговчи, майор Бахтиёр Гиясовлардан соҳанинг сир-асрорларини қунт ва катта қизиқиш билан ўрганиб борди. Илк мустақил иши – пойтахт бозорларидан бирида жойлашган заргарлик буюмлари дўконидаги  йирик ўғирлик жиноятини фош қилиш бўлди. Икки навқирон  21-22 ёшли йигитлар дўкондан 500 миллион сўмликдан ортиқ заргарлик буюмларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишганди.

— Мени ажаблантирган нарса – 21-22 ёшли навқирон  йигитлар  ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолишига, жиноятлари фош бўлмаслигига ишонишгани. Аммо тезкор қидирув ва суриштирув натижасига кўра, уларнинг шахси аниқланиб, далилий ашёлар билан ушлангач, тергов жараёни бошланиб, қандай жазо тайинланиши мумкинлигини англагач, қилган ишларидан пушаймонликларини билдиришиб, узр сўрашдан нарига ўтишмади. Куч-қувватга тўлган, ишлаб чарчамайдиган ёшда бўлган йигитларнинг ҳаётга енгил-елпи қараши, масъулиятсизлиги, жавобгарлик ҳиссининг йўқлиги кишини ҳайрон қолдиради, албатта.

Фахриддин хизмат фаолияти билан бир қаторда спорт машғулотларини бир дам бўлса-да канда қилгани йўқ. Ички ишлар идораларидаги хизмат машаққатлари спортда чиниқиб тобланган, қатъий тартиб-интизомга ўрганган Фахриддин учун қийин кечмади. 17  ёшида  самбо  бўйича республика миқёсида ўтказилган, 18 ёшида Осиё чемпионатидаги мусобақаларда 1-ўринларни эгаллаган  Фахриддин ҳамиша олға интилди. Спортнинг самбо ва дзюдо  турлари бўйича республика ва МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда фаол қатнашиб, шоҳсупаларнинг юқори поғоналарини эгаллаб келди ва мазкур спорт турлари бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига мушарраф бўлди. 2023 йилнинг май ойида Россия Федерациясининг Москва шаҳрида Полиция ва Армия ўртасида ўтказилган  халқаро турнирда дзюдо тури бўйича 1- фахрли ўринни қўлга киритгани ички ишлар идоралари ходимлари, оиласи, яқинлари учун унутилмас кун бўлди. Чунки,  йигирмадан ортиқ давлатлардан қатнашган уч юздан ортиқ малакали ва тажрибали, сараланган  спортчилар билан беллашишнинг ўзи бўлмайди-да. Ўша йили Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида Дзюдо спорт тури бўйича ўтказилган Жаҳон  чемпионатида фахрли учинчи ўрин соҳибига айланди. Яқинда, аниқроғи, жорий йилнинг июнь ойида Чехия давлатининг Теплице шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича Европа очиқ кубогида ҳам фахрли 1- ўринни эгаллаб ёруғ юз билан юртимизга қайтди.  

— Ватан, она-юрт туйғуси, замин ҳиди юртингдан узоқлашганда яққол билинади, – дейди Фахриддин. – Ғалабани қўлга киритсанг-ку юзинг ёруғлигидан, шу ватанга  наф келтирганингдан ғурурланиб, фахр билан юрт тупроғига қадам босасан, лекин  мағлуб бўлганингда, гўёки нолойиқ иш қилгандек, ватан тупроғига қадам қўйётганингда, ота-онанг, сенга далда бўлаётган, қўллаб-қувватлаётган раҳбарият ва ҳамкасбларинг юзига қарашда ўзингни айбдордек ҳис қиласан.

Айни пайтда қаҳрамонимиз капитан Фахриддин Шарипов тергов жараёнларини малакали олиб бориш, қонунчиликдаги меъёрий ҳужжатларни ўрганиш, уларни амалиётда қўллаш борасидаги билимларини чуқурлаштириш билан бирга, спорт бўйича маҳоратини ҳам мунтазам равишда ошириб бормоқда. Ҳар иккисида унга  омад ва ғалаба ёр бўлишига шубҳа йўқ. Зотан, интилганга толе ёр, дейишади.

Барча янгиликлар

Text to speech