21 Феврал 2024 йил 472

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Бироздан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Маълумки, ўтган йил июнь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган эди. 

Ўтган даврда 10 дан ортиқ давлатнинг тажрибаси чуқур ўрганилди, ижтимоий хизмат бўйича мутахассис-экспертлар билан ҳамкорликда соҳанинг аҳволи ўрганилди.  

Таҳлил ва ўрганишлар кўрсатганидек, одамлар ташвишини ичига кирмаган, ўзидан ўтказмаган эски тизим тубдан ўзгариши керак ва бу мураккаб, комплекс жараён.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги баъзи камчиликларни санар экан, 20 дан зиёд идоранинг ижтимоий ҳимоя борасидаги фаолияти ҳужжатларда пухта ўйланмасдан, бетартиб белгиланганини кўрсатиб ўтди.   

Ҳудуд раҳбарлари ҳам муҳтож оилалар билан манзилли ишламай, пул ва озиқ-овқат бериш, маиший техника совға қилиш билан чекланиб келгани қайд этилди.

Эски ижтимоий ҳимоя тизимида одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаши, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолган.

Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали тўлақонли ҳаётга қайтаришга эътибор сустлашиб кетгани танқид қилинди.

Ногиронлиги бор шахслар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилмагани сабабли улар ўзининг меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмаяпти.

Оғир ижтимоий аҳволдаги одамларни ҳаётга илҳомлантирадиган, рағбат уйғотадиган таъсирчан контент, шеър, қўшиқ, фильм ва бошқа бадиий асарлар яратилмаяпти.

Президент бу соҳада умумий ёндашув ўзини оқламагани, ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш лозимлигини қайд этиб, устувор йўналишларни белгилаб берди.

Буни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. 

Масалан, кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, тизимни шаффоф қилиш ҳисобига доимий даромадга эга оилалар эҳтиёжманд тоифасидан чиқарилди.

Рақамлаштириш ҳисобига, ўрнидан тура олмайдиган, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз 2 минг кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.

Масалан, Навоий шаҳрида яшайдиган ногиронлиги бор ёлғиз аёлни 12 ёшли фарзанди мактабга чиқмасдан парваришлаб келаётган эди.

Унга ижтимоий кўмакчи бириктирилиб, уйида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани сабаб, фарзанди мактабга чиқиб, оиланинг ижтимоий аҳволи яхшиланмоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмидан ҳам бехабар. Масалан, ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она ушбу имтиёздан фойдаланмаяпти.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида:

- эҳтиёжманд тоифани белгилаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва айнан қандай ёрдамга муҳтожлик борлиги аниқ белгилаб берилади;

- ҳар бир муҳтож фуқаро бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.

Маҳалладаги “еттилик” учун ижтимоий хизматлар бўйича ягона саволнома жорий қилинади.

Маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари ҳокимлар ва сектор раҳбарлари маҳаллада ўтказаётган қабуллар ҳам ўзгариши кераклиги, қабулларда маҳалла “еттилиги” кўтарган энг оғир масалаларнинг ечими бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш топширилди.

Протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди.

Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади.

Йиғилишда “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди.

Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.

Бу орқали, яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади, уларга қараётган 3 минг киши ўқитилади.

Ҳозирда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг аҳоли учун зарур шароитлар яратилиши уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.

1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштиришни жорий этилади.

Бунда, энг аввало, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилади.

Ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлди ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар яратилган. Лекин, 500 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг бор-йўғи 43 мингтасида ногиронлиги бўлган шахслар ишлайди.

"Мактаблар, профессионал таълим муассасаларида шароит йўқлиги учун 70 фоиз ота-оналар ногиронлиги бор фарзандларини яшаш жойидан узоқ махсус мактаб-интернатига жойлаштиришга мажбур.

Аслида ота-онаси, дўстлари ва маҳалладан узоқлашиш ҳар қандай бола учун катта психологик зарба",  - деди Президент.

Йиғилишда протез ишлаб чиқариш 90-йиллар технологиясига асослангани, уларни ҳақиқий муҳтожларга етказиб бериш тизими ҳам тўғри ташкил этилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаштириш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилади.

Улар ишлаши, ўқиши ва касб-ҳунар ўрганишида тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилади.

Бунда, ногиронликни касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, ўзини ўзи эплаши, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш тизимига ўтилади.

Туманлардаги даволаш ўринларининг 5 фоизи ногиронлиги бўлганларни реабилитация қилишга ажратилиши, туман марказий шифохоналарида тиббий реабилитация хоналари ташкил этилиши белгиланди.

Протез воситалари 18 турдан 30 турга, ажратилаётган маблағ эса 1,5 баробар оширилиб, 100 миллиард сўмга етказилади ҳамда улар билан таъминлаш электрон шаклда бўлади.

Ногиронлиги бўлган шахслар бундай воситаларни уйдан туриб, ваучер орқали онлайн ёки “Инсон” маркази ёрдамида исталган ишлаб чиқарувчидан олиши мумкин бўлади.

Мутасаддиларга ногиронлиги бўлган шахсларга дори воситаларини тарқатишда ҳам тартиб ўрнатиб, шаффоф тизим яратиш топширилди.

Бу уйда ўтирган ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаракатланиши енгиллашишига, билим олиши ва касбий кўникма эгаллаши, меҳнат қилиши ёки спорт билан шуғулланиши учун имконият яратилишига хизмат қилади. Протезларни олиш муддати қисқаради.

Шунингдек, бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаcи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Хорижий мутахассислар иштирокида жорий йилда камида 500 нафар лойиҳачи ва архитекторни ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратишга ўқитиш вазифаси қўйилди.

Пойтахтдаги бекатларни, жамоат транспорти, жумладан метрони ногиронлиги бор одамларга мослаштириш бўйича икки йиллик дастур амалга оширилади. Бу ишларни ҳудудларда ҳам бошлаш бўйича вилоят ҳокимларига топшириқ берилди.

Барча давлат идоралари сайтларини ногиронлиги борлар учун қулай шаклга келтириш зарурлиги қайд этилди.

Ногиронлиги бўлган сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратиш бўйича “тўсиқсиз туризм” дастури тасдиқланган.

Мутасаддиларга маданий мерос, музей ва концерт-томоша объектида бундай одамларга қулай шароитларни яратиш, меҳмонхоналардаги ўринларни ногиронлиги борларга мослаштириш топширилди. 

Ногиронлиги бор сайёҳлар учун транспорт, меҳмонхона, маданият объектлари ва зиёратгоҳларга ҳафталик ва ойлик махсус чегирмалар бериш графигини тасдиқланади.

Ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилади.

Бундай одамларни ишга олган корхоналарга тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади.

Ногиронлиги бўлганларни касбга тайёрлайдиган 4 та ихтисослашган мактабни тармоқ раҳбарлари оталиққа олади. Бу мактаб ўқувчиларига ишлаб чиқарган маҳсулотини давлат харидлари доирасида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида мономарказларда ногиронлиги бўлганлар таълим олиши учун қулай муҳит ва зарур инфратузилмани яратиб, уларга стипендия тўлаш тартибини жорий қилиш топширилди.

Ногиронлиги борлар касаначилик ва ҳунармандчилик асосида яратган маҳсулотларини электрон платформа орқали сотиш тизими йўлга қўйилади.

Вазирлик ва ҳудуд раҳбарларига йил якунига қадар барча бюджет ташкилотларига 20 минг нафар, банкларга камида 1 минг нафар ногиронлиги борларни ишга қабул қилиш топширилди.

Имконияти чекланган болалар борадиган 112 та мактаб ва 74 та боғчадаги таълим дастурини қайта кўриб чиқиш, мактабларни инклюзив таълимга мослаштириш дастурини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ногиронлиги бўлганлар учун Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилади. Паралимпия қўмитаси, тегишли спорт федерациялари, Ўзбекистон махсус олимпиадаси Ассоциация таркибига киради.

Ассоциация ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилиш билан шуғулланади ва “Беш ташаббус” доирасида спорт мусобақаларини ўтказиб боради.

Давлатимиз раҳбари ногиронлиги борлар ҳаёти ва эришган ютуқлари тўғрисида таъсирчан медиаконтент, фильмлар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Телеканалларда информацион, айниқса, болалар дастурлари эфирининг муайян қисмини сурдотаржима, субтитр ёки “югурувчи сатр” билан намойиш этиш зарурлиги қайд этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар қалбида ўзига ишонч ва қатъият туйғусини оширадиган бадиий асарлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

Йиғилишда ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ота-она қарамоғидан 

маҳрум бўлган болаларни эътибордан четда қолдирмаслик учун кенг кўламли ишлар олиб борлмоқда. Шунга қарамай, қуйи бўғиндаги эътиборсизлик оқибатида жойларда қаровсиз қолиб кетган болалар аниқланаётгани қайд этилди. Ҳозирда уларга васийлик белгиланмоқда.

Шунингдек, ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида хусусиятлари бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан буён жойларда васийлик, ҳомийлик, патронатга олинган ҳамда оилавий болалар уйларидаги болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланиши белгиланди.

Улар ота-она ўрнини босувчи шахслар бола олдидаги мажбуриятини қай даражада бажараётганини мониторинг қилиб, баҳолаб боради.

Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.

Соғлиғи, ҳаёти хавф остида бўлган, етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоғига олиш бўйича “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилади.

Тутинган оила махсус сертификатга эга 30 ёшга тўлган одамлар томонидан ташкил этилиб, унга 3-5 нафаргача болалар қабул қилинади.

Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади. Яъни, оғир касаллиги бор болаларга шу гуруҳларда қараш орқали, ота-оналарига ишлаши учун шароит яратиб берилади.

Ота-онасидан айрилган ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Эндиликда “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади (ҳозирда 18 ёш).

Йиғилишда Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ишини ўзгартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу марказларни тарбияси оғир болаларнинг муаммолари билан ишлаб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс ижтимоий хизмат кўрсатадиган масканга айлантириш лозимлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга бундай марказларни “Ҳаёт мактаби” сифатида қайта ташкил этиш топширилди.

Етим ва ота-она қарамоғисиз бўлган ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш учун уларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик учун ер бериш муҳимлиги таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамасига олийгоҳни тамомлаган, ота-она меҳридан маҳрум бўлган ёшларни давлат ташкилотларига ишга жойлаштириш бўйича тизим яратиш топширилди.

Бундай ёшларга уй-жой бериш тизими ҳам тубдан қайта кўриб чиқилади.

Бунда “Инсон” марказлари томонидан ҳақиқатда уй-жойга муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилади, уларга бериладиган уй-жойнинг нархи бозор баҳосидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида белгиланади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар 140 миллиард сўмга етказилади.

Мутасаддиларга 1 июнга қадар навбатда турган 500 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлаш топширилди.

Вояга етмаган қизларни унаштириш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ билан боғлиқ келажак авлод саломатлигига салбий таъсир қилаётган ҳолатларнинг олдини олиш, бунинг оқибатларини тушунтириш борасида ишлар лозим даражада олиб борилмаётгани қайд этилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тизими анча кучайтирилди. Лекин бундай ҳолатлар ҳали ҳам учраб турибди.

Зўравонликка учраган хотин-қизлар реабилитация билан етарлича қамраб олинмагани қайд этилди.

Аёллар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш бўйича маҳалла даражасида алоҳида тизим яратилиши белгиланди.

Тазйиққа учраган аёллар реестри тузилиб, уларга маҳаллада тезкор комплекс хизмат кўрсатиш тизими жорий қилинади.

Ҳар бир туман шифохонасида зўравонликка учраганларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган хоналар ташкил этилади.

Қийин вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш учун “Оналар маскани” хизматини йўлга қўйиш топширилди.

Йиғилишда соҳа учун масъуллар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.


Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/3871 

Барча янгиликлар

Text to speech