Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари бундан буён йиғилишлар ҳар бир соҳа корхоналари вакиллари билан учрашув тарзида, уларни қийнаётган масалаларга ечимлари билан ўтказилишини таъкидлади.
Ўтган йили 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилди, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисоб-китобга кўра, бунча маҳсулотни ўзидан 5 миллиард долларлик экспорт қилса бўлади.
Лекин иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги комплекслари мутасаддилари ва ҳокимлар ишни тўғри ташкил қила олмагани, экспортчилар муаммосини ҳал қилмагани учун экспорт 2 миллиард доллардан ошмагани қайд этилди.
Йиғилишга энг фаол 100 дан зиёд экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф қилинган.
Президент топшириғига мувофиқ, уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларга “соҳа учун яна қандай шароит керак, жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш учун нималар зарур” деган саволларга биргаликда жавоб топишни таклиф қилди.
Президентимиз соҳадаги муаммоларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, ўтган бир йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорларга чиқилди, маҳсулотларимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди.
Лекин, экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорига тўғри келаяпти. Яъни, қишлоқ хўжалиги экспортини асосий қисмини “килосига 1 доллардан паст нархда бўлган бозорлар” ташкил қилмоқда.
Ўтган йили 52 та мамлакатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси 12 та давлатга килограмми 1 доллардан кам нархда сотилган.
Энг харидоргир маҳсулотларимиз бўлган гилос, шафтоли, хурмо, ўрик, олча, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия, мош экспортида ҳам шу аҳвол.
Энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотнинг улуши жами мева-сабзавот экспортида 60 фоизни ташкил қилади.
Ўрганишлар давомида тадбиркорлар қайд этганидек, таннарх баландлиги, айрим “уддабуронлар” даромад ортидан қувиб, қадоқлашда сифатсиз маҳсулот қўшиб юбораётгани оқибатида ташқи бозорда Ўзбекистон маҳсулоти нуфузига путур етмоқда.
Ёки, 1 мингта экспортчи корхонанинг кўп миллион долларлик муддати ўтган дебитор қарздорлиги бор. Жумладан, 33 та туманда экспортдан дебитор қарздорлик қолган ҳудудлардан анча юқори.
Йиғилишда 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Масалан, 16 та туман умуман мева-сабзавот экспорт қилмаган. Ёки, пахта экмайдиган 28 та туманда экспорт кўрсаткичлари қониқарсиз. Ушбу туманларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва сотиш бўйича экспортчилар ҳамда деҳқонлар ўртасида кооперация тизимли йўлга қўйилмаган.
Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортига беэътибор бўлган туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги ва экспорт бўйича ўринбосарларига қатъий эътироз билдирилди.
Бу йил ҳудудий дастурлар доирасида республика бўйича озиқ-овқат йўналишида 833 миллион долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Лекин, 14 та туманда озиқ-овқат бўйича бирорта лойиҳа йўқлиги танқид қилинди.
Бу йили озиқ-овқат саноатида камида 100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1 миллиард доллар экспорт қилиш режа қилинган.
Лекин, озиқ-овқат йўналишидаги айрим корхоналар айланмаси учун маблағ ола олмаган, айримлари сифат бўйича рақобатга бардош беролмаган, тежамкор технология ўрнатмагани учун таннарх баланд бўлган.
Шу каби, озиқ-овқат йўналишидаги 20 та йирик корхона хом ашё етишмаслиги, маҳсулотига бозор топиш ва айланма маблағ муаммолари сабабли қувватларини ярмини ҳам ишлатаётгани йўқ.
Мутасаддилар, ҳокимлар янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, тайёр корхоналарга кўмак беришни ўйламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ.
— Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун, қандай ташаббус бўлса, барчасини эшитишга тайёрман, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини эшитди.
Мулоқотда экспортни анъанавий бозорлардан юқори нархда маҳсулот сотиб олувчи давлатларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари бу фикрни қўллаб-қувватлаб, бундай бозорлар билан ишлашни кучайтириш муҳимлигини қайд этди. Жумладан, Японияда савдо уйини аккредитация қилиш ва ижара тўловининг компенсация масаласини ҳал қилиш топширилди. Германия, Венгрия, Польша, Испания, АҚШ ва Қозоғистондаги савдо уйлари ҳам тадбиркорлар бошқарувига берилади.
Бундан ташқари, экспорт учун янги истиқболли бозорлар бўлган Мерсин (Туркия), Роттердам (Нидерланд), Циндао (Хитой), Клайпеда (Литва), Доҳа (Қатар) каби йирик порт шаҳарларда савдо уйларини очиш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқотда юртимиздаги лабораториялар халқаро стандартларга мос эмаслиги оқибатида ўзбек мева-сабзавотларига ишонч сўнаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари кўтарилган масаланинг ўринли эканини қайд этди ва муаммонинг ечимини кўрсатиб берди.
Жумладан, яқинда Ўмон султонлиги билан Юқоричирчиқдаги Агрохизматлар марказида халқаро аккредитациядан ўтган илк хусусий лаборатория очилди. Шу йилни ўзида 8 миллион доллар инвестиция ҳисобига Зангиота тумани, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида ҳам худди шундай замонавий лабораториялар ишга тушади.
Мутасаддиларга 5 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказиб, хорижий давлатлар карантин хизматлари рўйхатига киритиш, йил якунигача Тошкент шаҳрида Референс лаборатория ташкил қилиб, хусусий лабораториялар ишини халқаро стандартларга мослигини таъминлаш топширилди.
Бундан буён, халқаро тан олинган реагентлар импорт божидан озод қилинади, уларга мажбурий экологик сертификат олиш талаб этилмайди.
Шунингдек, мева-сабзавот сифати бўйича Япония, Корея, Австралия, Канада каби давлатларнинг миллий талаблари ўрганилиб, ўзимизда жорий қилинади.
Йиғилишда маҳаллий корхоналарга халқаро кўргазмаларда қатнашишда кўмаклашиш масаласи ҳам кўтарилди.
Кўплаб кўргазмаларда қатнашиш учун олдиндан 100 фоизлик тўловни амалга ошириш талаб этилаяпти. Лекин бизда 15 фоиз миқдорда аванс тўланади, қолган қисми ярмарка тугаганидан сўнг ўтказиб берилади.
Давлатимиз раҳбари бу тизимни тўлиқ қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Эндиликда тадбиркорларнинг харажати уларнинг рейтингидан келиб чиқиб қоплаб берилиши белгиланди.
Бунда, юқори ва ўрта рейтингга эга бўлган тадбиркорлар учун кўргазмаларда қатнашиш харажати 100 фоиз олдиндан тўлаб берилади. Паст рейтингга эга бўлганлар кўргазмада иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан кейин харажатининг 50 фоиз қисми қоплаб берилади.
Бу механизм тажриба сифатида 1 йил давомида амал қилиши таъкидланди.
Мулоқот чоғида айланма маблағ масаласи, шартнома қийматининг дебитор қарздорлик сифатида эътироф этиладиган чегирма суммаси чегарасини кўтариш, табиий йўқотиш ва сифат бузилишини камайтириш учун мева-сабзавотни қадоқлашни яхшилаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, деҳқонлардан маҳсулотларни йиғиб, экспортчилар учун етказиб берувчи таъминотчилар фаолиятини тартибга солиш, импорти юқори бўлган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган хом ашёни божхона тўловидан озод этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ушбу масалалар юзасидан тадбиркорлар билан батафсил фикр алмашиб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти бўйича Бош вазир бошчилигида комиссия тузилиши белгиланди, экспортни кўпайтиришда экин экишдан бошлаб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва сотиш занжирини тўлиқ қамраб оладиган уч йиллик катта дастур қабул қилишга қарор қилинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларнинг ҳисоботи ва режалари тингланди.