Президент раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бошланди.
Соҳа учун масъул 13 та вазирлик ва идора ҳамда 223 нафар ҳоким ўринбосарлари бор.
Лекин таълим, тиббиёт, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда камчиликлар йўқ эмас.
Масалан, мактабгача ва мактаб таълимида эришилган катта ўзгаришлар билан бир қаторда боғча билан мактаб, мактаб билан коллеж ва олийгоҳ ўртасида узвийлик етарли даражада эмас.
Маҳалла раиси мактабда тарбия ва давомат масалалари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш билан қизиқмаса, туман ҳокимлари, ёшлар ва ижтимоий масалага масъул ўринбосарлари мактабда маънавият ва спорт тадбирларини ташкил этишга эътиборсиз бўлмоқда.
Шу боис, ўтган ҳафта мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги ўринбосарлар тайинланди. Уларнинг олдига таълим, тарбия ва маънавият бўйича мактабларга янги муҳит олиб кириш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятига ҳам эътироз билдирди.
Профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетгани учун тизим ривожланмаяпти. Иш берувчилар ва техникумлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди. Лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти.
Масалан, талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмаган. Аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмайди. Айримларида дарслик ва адабиётлар етишмайди, бори ҳам бугунги талабларга жавоб бермайди.
Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда “харажат – тадқиқот – маҳсулот” деган формула ишламаётгани қайд этилди.
Умуман, айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар бўйича янги вазир тайинланиб, унинг олдига профессионал ва олий таълимда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди.
Тиббиётда ҳам камчиликлар етарли.
Сўнгги етти йилда тизимда 7 та вазир алмашди, лекин соҳани рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш суст кечмоқда.
Республика марказлари билан бирламчи бўғин ўртасида интеграция йўқлиги қайд этилди.
Бош вазирга муҳокама қилинаётган соҳаларда вазирлар, вазир ва ҳоким ўринбосарлари фаолияти бўйича таклифларни киритиш, ҳар бири билан бир йиллик контракт тузиб, KPI белгилаш топширилди.
Президент мактабгача ва мактаб таълимидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгуси режаларни белгилаб берди.
Ислоҳотлар натижасида мактабгача таълимда қамров 74 фоизга етди. 2016 йилда бу кўрсаткич 27 фоиз эди. Бу йил давлат боғчалари қуввати яна 10 минг ўринга, хусусий боғчаларда 50 минг ўринга оширилади.
Лекин баъзи чекка қишлоқларда боғча ҳали йўқлиги сабабли ҳамма болалар ҳам мактабгача таълим билан қамраб олинмаган, айрим туманларда боғча етарли бўлишига қарамай, қамрови ўтган йилга нисбатан бироз камайган.
Хусусий боғчаларда болалар ҳисобини юритиш рақамлаштирилмоқда, лекин давлат боғчаларида бу жараён ҳали бошланмаган.
Шу муносабат билан Мактабгача таълим агентлигига боғчаларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизим яратиш топширилди.
Йиғилишда ҳар йили боғча тарбиячиларининг ўртача бор-йўғи 9 фоизи малака ошираётганига эътироз билдирилди.
Бундан ташқари, 12 мингта оилавий боғчада давлат таълим стандартидаги ўқув-методик материаллар етарли эмас.
Мактабгача таълим агентлигига боғча мудиралигига номзодларни саралаш, уларни лавозимга тайинлаш тизимини ишлаб чиқиш; барча боғчаларда овқат, давомат, бадал пули каби барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш; 250 та давлат боғчасида таълим ва тарбия сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш топширилди.
Боғчаларни миллий қадриятларимизга мос ягона стандартлар асосида ўқув-методик материаллар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган.
Лекин, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди.
Ёки, 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди.
Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам “B1” даражага эга бўла олмаяпти.
Шунингдек, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаяпти.
Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Ўтган йили Республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва катта илмий-амалий тажрибаси бор ва салоҳиятли кадрлар жамланди.
Марказ ва офисга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим вазирликлари билан биргаликда:
- мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;
- ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.
Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.
Ўтган йили 500 та “тил эгалари” иш бошлагани ўз самарасини бераяпти. Бу амалиётни кенгайтириш учун “тил эгалари”ни барча мактабларга жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилади ва “Касбий таълим устаси” лавозими жорий этилади.
Тадбиркорлар, уста ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб касбий таълимга йўналтирилган машғулотлар ўтказилади, касб тўгараклари ташкил этилади.
Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Уларга солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилади.
Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўқувчиларга малака сертификати берилади.
“Мақсадимиз - мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин”, - деди Президент.
Мактабларда оғриқли масалалардан бири, бу – тарбия ва маънавият.
Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.
Сўров мактаб директоридан бўлаяпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларни шароити ва тарбияси билан шуғулланмаяпти.
Шу муносабат билан мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.
Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” яратиш бўйича тизим қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касбга йўналтириш, тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан бирга ишлаб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чораларни кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Маҳалла раислари ҳар ой мактабларда ота-оналар билан учрашиб, маҳалла ва мактабдаги муҳитни муҳокама қилиши мақсадга мувофиқ экани кўрсатиб ўтилди.
Мактабларда таниқли шоир ва ёзувчилар, спортчилар, фахрийлар, жамиятда обрўга эга инсонлар билан учрашувларни кўпайтириш лозимлиги айтилди.
Болалар тарбиясини яхшилашга, ота-оналар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган миллий контентни маҳалла ва таълим муассасаларига етказиб туриш топширилди.
Мутасаддиларга “мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга тушириш топширилди.
Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқларни таҳлил қилиб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш ва ижобий томонидан фойдаланиш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларга содда тилда қўлланмалар яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, мактабга мослашиш ва китобни севишга ўргатиш, яхши хулқли бўлиш, атрофидагилар билан мулоқот қилишни ўрганиш ва билим олишга кучли иштиёқни шакллантириш, касб танлаш, жамиятга мослашиш, катта ҳаётга қадам қўйишда фарзандларга қандай йўл-йўриқ бериш зарур, деган саволлар юзасидан ота-оналар учун халқчил тилда материаллар тайёрланади.
“Юқорида айтилган ташаббуслар амалиётда йўлга қўйилса, ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади”, - деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда профессионал ва олий таълимдаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўтган йилги 380 минг мактаб битирувчисидан 180 минги таълимни коллеж, техникум ёки олийгоҳда давом эттирмоқда. Қолган 200 минг нафари меҳнат бозорига кириб келмоқда.
Дуал таълим билан 234 та профтаълим муассасасида барча ўқувчилар ҳам қамраб олинмаган. Вазирликлар ўзларига тегишли коллеж ва техникумларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимли ишга қўйилиши, улардаги қувватлар 100 фоизга ишлатилиши керак.
Қурилиш вазирлигида 13 та, Сув хўжалиги вазирлигида 9 та, Ветеринария қўмитасидаги 5 та коллеж ва техникумда малакали амалиётчи усталарни кўпайтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Шу каби камчиликлар олий таълимда ҳам мавжуд. Масалан, бакалавриатда ўнлаб йўналишлар меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди.
Кўп олийгоҳлар кредит-модулга ўтди, лекин талабанинг қобилиятини юзага чиқарадиган тизим яратиш зарур.
Жорий йилда 122 та янги йирик лойиҳалар бошланади. Бу – яқин йилларда мураккаб технологияда ишлай оладиган 10 минг муҳандис ва технологлар керак, дегани.
Лекин, олийгоҳларда бундай мутахассисларни тайёрлаш 20 фоиздан ошмаяпти.
Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш лозим. Хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида экани қайд этилди.
Ўтган йили Давлат тест маркази Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сифатида қайта ташкил этилди. Лекин, агентлик ҳалигача абитуриентларни имтиҳон қилиш билан чекланмоқда.
Шу боис, профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ва уларни баҳолаш бўйича янги тизим жорий қилинади.
Умуман, иш берувчиларда катта эҳтиёж, талабаларда салоҳият ва хоҳиш бор. Шунинг учун коллеж-техникумлар ва олийгоҳларни иш берувчилар билан узвий боғлайдиган тизим яратилади.
Эндиликда Лойиҳа офиси раҳбари бир вақтнинг ўзида Касбий билим ва малакаларни ривожлантириш республика кенгашига раҳбар бўлади. Бандлик вазирлиги тизимидаги Меҳнат тадқиқотлари институти ҳам Лойиҳа офисига бириктирилади.
Улар Олий таълим вазирлиги билан биргаликда 2024 йилда ўзимизда замонавий конструктор, технолог, архитектор, муҳандис, энергетик каби эҳтиёж юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган муҳит олиб киришга масъул бўлади.
Мутасаддиларга 1 майгача талаб юқори 100 та касбни танлаб, Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида касб стандартларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда касбга талаб иш берувчи эҳтиёжига мослашади. Иш берувчиларнинг вакиллари таълим муассасасида жойлашиши учун жуда катта имкониятлар яратилади.
Улар билан ҳар бир олийгоҳ, техникум ва коллежда технопарк, лаборатория ва амалий мономарказлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Талабалар амалиётни ташкил этилаётган янги корхоналарда кўпроқ ўтказиши лозимлиги таъкидланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб техникумларда ўқитиш “Академик” ва “Ишчи касб” таълим компонентларининг узвийлигини таъминлайдиган янги тизим асосида йўлга қўйилади. Бунда:
- коллеж-техникумнинг 1-2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлари, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади;
- техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлади.
Яъни, коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” ёки “2+3” дастурлари асосида олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Коллеж-техникумда ўқиб, фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттирмоқчи бўлганларни соҳадаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Энди, коллеж-техникумда “ишчи касб” йўналишида ўқиганлар икки ёки уч йил ишлаб, тажриба орттирганидан кейин, имтиҳон топшириб, “бакалавр”га тенг малака даражасини олиши мумкин.
Йиғилишда 50 минг коллеж-техникум ўқувчисини дуал таълим билан қамраб олишни ташкил қилиш топширилди.
Бу ишлар, аввало, тўқимачилик, қурилиш ва қурилиш материаллари, элтехсаноат, машинасозлик йўналишларида бошланади.
Бундан буён билим ва малакани баҳолаш жараёнлари босқичма-босқич нодавлат ташкилотларга ўтказилади.
Олий таълим вазирлигига бакалавр йўналишларини йириклаштириш ҳисобига уларнинг сонини 40 фоизга қисқартириш, ушбу йўналишлардаги таълим дастурларини ТОП-300 га кирган олийгоҳлар дастури асосида янгилаш топширилди.
Аниқ ва фундаментал фанлар бўйича илғор дарсликларни хорижий тиллардан босқичма-босқич таржима қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 116 та олийгоҳни ўрганиб, уларни йириклаштириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга “миллий”, “давлат” университети, академия ёки институт мақомини беришнинг аниқ мезонларини белгилаш топширилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент Администрацияси ҳузурига ўтказилиши ва хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди.
Энди жамғарма ҳисобидан ёшларни чет элга ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.
Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаб берди.
Бирламчи тиббиёт тизимини аҳолимиз талабига мослаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Тиббиёт бригадаларини шифокорлар билан тўлиқ тўлдириш, тўлиқ ставкада ишлайдиган ҳамшираларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳада кадрлар етишмаслигининг сабаби аслида тизим шаффоф бўлмагани оқибатида кўплаб мутахассислар ишга кира олмаётгани экани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.
Янги ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳлари битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли шифохоналарда иш ҳақи тўланадиган интернатура йўлга қўйилади.
Йиғилишда касалликларни эрта аниқлаш, жумладан, кардиология, эндокринология ва онкология скринингларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили онкология касаллиги билан рўйхатга олинган берморларнинг қарийб ярмида касаллик кеч аниқланган.
Жойларда диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас.
Умуман, вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юргани танқид қилинди.
Эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади.
Хусусан, скрининг учун бевосита республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари жавоб беради. Улар бир ҳафтада жойларда скрининг текширувларини ўтказишни бошлайди.
Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади.
Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.
Мамлакатимизда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етди.
Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40-45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди.
Оддий қилиб айтганда, ўзимизда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти.
Дориларни яширин айланмаси бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти.
Дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.
“Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти.
Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраяпти”, - деди Президент.
Йиғилишда касалга аниқ ташхис қўйиш ва даволашда врачларнинг аксариятида технологик карта мавжуд эмаслиги, айрим протоколлар эса эскиргани кўрсатиб ўтилди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилди.
Оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.
Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди.
Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда.
Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур.
“Мана – фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли”, - деди давлатимиз раҳбари.
Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни “буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор” занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қйилди.
Ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш талабига жавоб берадиган тизим ҳали яратилмагани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги йилларда бепул даволаниш учун ордердан воз кечилди. Маблағни муассасадаги ўринлар сонига эмас, беморлар сонига қараб ажратиш тизими яратилди.
Лекин, ҳалигача беморларда танлаш ҳуқуқи йўқ. Бундан ташқари, вилоят шифохоналарига йўлланма олиш ҳалигача рақамлашмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига вилоят шифохоналарини ҳам электрон йўлланма тизимига улаш, бу тизимда хусусий клиникалар иштироки мезонларини ишлаб чиқиш топширилди.
Ихтисослашган тиббиёт марказларида замонавий бошқарувни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Пуллик хизматлар нархи шаффоф эмаслиги танқид қилинди.
Шу муносабат билан 23 та марказ, 12 та тиббиёт олийгоҳи, 2 та шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказларининг ҳар бирига замонавий менежерларни ишга олиб, халқаро аккредитациядан ўтказиш топширилди.
Бу ишлар орқали шифокор ва ҳамшираларни янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш муҳимлиги қайд этилди.
Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилди. Лекин натижа кутилганидек эмас.
Туман, вилоят ва республика ташкилотлари 10 га яқин ахборот тизимларини ишлатаяпти, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирига боғланмаган.
Бирламчи бўғин рақамлашмагани боис шифокор вақтининг учдан икки қисми ҳисобот тўлдиришга кетаяпти.
Шу муносабат билан мутасаддиларга “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
"Ҳар бир она ва бола ўлими “фавқулодда ҳолат” деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади"
- дея огоҳлантирди Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлари, вилоят ва туман тиббиёт идоралари раҳбарларини.
Хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитиш топширилди.
“Хавф гуруҳи”га кирган ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар билан ишлаш протоколи янгиланади.
Тиббиёт бригадаларидаги 8,5 минг доя илғор тажриба асосида репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлар парвариши бўйича ўқитилади.
Перинатал марказлар бошқарувига хорижий мутахассисларни олиб келиш, 229 та туғруқхонани замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш топширилди.
Йиғилишда рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида вазирлик ва идоралар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарлари рақамлаштиришда кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ҳудудларда 53 минг нафар ёшларимиз IT билан мустақил шуғулланиб, дастурий маҳсулот яратаяпти.
Уларнинг фаолиятини кенгайтиришга туртки берадиган яхлит тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
IT парк давлат берган имтиёзни резидентларга тақдим қилиш билангина чекланмай, маҳаллий дастурчиларимизни хорижий компанияларга таништириш, уларга катта-катта буюртмалар олиб бериши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳокимларга жорий йилда 30 минг ёшларни инглиз ва немис тилига ўргатиб, ITга йўналтириш бўйича амалий ишларни тезроқ бошлашга кўрсатма берилди.
Декабрь ойида маънавият ва маданият масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимларига берилган топшириқлар ижроси жойларда суст кечаётгани қайд этилди.
Жумладан, вилоят ҳокимларига бу йил маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб, ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган 1 тадан маданият марказини барпо этиш топшириғи берилган.
Лекин, бу марказларни қаерда қуриш бўйича манзилли рўйхатнинг ўзи ҳали тасдиқланмагани танқид қилинди.
Маданият вазирлиги тизимида “Ўзбектеатр” муассасаси ва “Маданият таълими маркази” фаолиятини бошлагани йўқ.
Мутасаддилар ушбу топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Жорий йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилмоқда. Шу боис спортни оммалаштириш бўйича тизим тўлиқ ва юқори самара билан ишлаши зарур.
Ҳокимлар ўзи мусобақалар ташкил қилиб, янги иқтидорларни кашф қилишга етарли эътибор қаратмаяпти. Оқибатда, ҳудудларда яхши спортчилар четда қолиб кетаяпти.
Маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда маҳаллаларда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга йил давомида “сектор – туман – вилоят – республика” даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш топширилди.
“Спорт мактаблари – спорт коллежлари – спорт федерациялари – олий маҳорат мактаблари” занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш вазифаси қўйилди.
Июль-сентябрь ойларида Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.
Бу йилги ютуқларни Токио олимпиадасида каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри экани таъкидланди.
Бу йилги Олимпия ўйинларидаги натижалар тарихимизда энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш топширилди.
Спорт вазирлигига Париж-2024га тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз учун 15 та Олимпия ва Паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базаларида барча шароитларни яратиш топширилди.
Олимпия ва Паралимпия қўмиталари билан биргаликда уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/3769