“Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди
Маълумки, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида “Гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” шиори остида барча жойларда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тарафдоримиз" мавзусида ташкил этилди. Учрашувда Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, талабалар ва ўқитувчи-мураббийлар иштирок этди.
Учрашув давомида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабаларга аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ҳаётий воқеалар сўзлаб берилди, қонун қоидалари атрофлича тушунтирилди.
Учрашув давомида иштирокчилар томонидан ички ишлар органлари ходимларига оилавий низоларни бартараф этиш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кўплаб саволлар берилди ва атрофлича жавоб олинди.