Шу кунларда юртимизда “Яшил макон” лойиҳаси кенг кўламда давом эттирилмоқда. Яшил макон - барча учун тушунарли, номи равон, мазмуни чуқур, моҳияти улуғ ибора. Яшаётган манзилимиз, маҳалламиз, шаҳримизни кўркамлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ҳам мазкур лойиҳага ҳар йили алоҳида эътибор қаратилади. Шу аснода пойтахт туманларида яшил ҳудуд яратилишига ИИО ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Янгиҳаёт тумани «Хушнуд» маҳалласида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан яшил ҳудуд яратилмоқда. Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ва туман сектор раҳбарлари иштирок этди. Мазкур ҳудуд 1 гектардан ошиқ бўлиб, унга минг тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди. Келгусида кўчатларнинг кўкариши, парваришланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бу лойиҳада фаол иштирок этиш орқали нафақат табиатни, балки ўз саломатлигимизни, қолаверса, келгуси авлодлар соғлигини сақлашга ҳисса қўшган бўламиз.