5 Июн 2024 йил 1496

Уй ҳам йўқ, пул ҳам йўқ

Ҳар бир инсон ўз уйи ҳақида орзу қилади. Бежизга уй ватанга қиёсланмайди. Балким, уй шу ватан ичида бўлганлиги учундир. Ҳар ким  катта, ёруғ ва чиройли, мустаҳкам, барча шароитларга эга уйда ҳаёт кечиришни истайди. Фарзандлари шинам, кенг уй-жойда эмин-эркин улғайишини ният қилади.  

Шерзод Олмазор туманида жойлашган, укаси Ботирнинг номида бўлган уйни сотишга қарор қилди. Бу ҳақда таниши Муродга “ёрилди”. Хонадоннинг шарт-шароити ўша уйга кириб-чиқиб юрган Муродга яхши таниш бўлганлиги боис, сотиб олиш истагини билдирди. Ҳар эҳтимолга қарши уйни яна бир бор кўздан кечирган Муроднинг уйдан кўнгли тўлди. Аввал қандай кўрган бўлса, шундай, “евро, кир-у, яша”.  Жойида уй 140 минг АҚШ долларига баҳоланди.

Эртаси куниёқ Мурод Шерзодга ваъда қилинган пулларни келтириб топширди. Шерзод укаси қўшни давлатда ишлаётгани, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун ундан онлайн розилик кутишини айтиб, озгина муҳлат сўради. Аммо ваъда қилинган вақт ўтса-да ҳужжатлардан дарак бўлмади. Расмийлаштириш у ёқда турсин, қўнғироқларга жавоб бермади. Қачон уйига борса, уйда йўқ. Орадан ойлар ўтди. Муроднинг сабр косаси тўлгач, ички ишлар идораларига мурожаат қилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида Шерзод жабрланувчидан олган пулларни аллақачон ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги, уйини сотиш уканинг умуман хаёлига келмагани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича Шерзодга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech