10 Октябр 2023 йил 1755

Устозлар ўрни беқиёс. Деярли қирқ йиллик умрини ички ишлар органлари соҳасига бағишлаган соҳа фидойиси 60 ёшни қаршилади

Узоқ йиллик ички ишлар органлари тарихида кўплаб ўзгаришлар, суронли даврлар ўтди, лекин бу соҳа фидойилари ўз касбига содиқ қолиб, юрт осойишталиги ва халқимиз тинчлигини сақлашда давом этмоқда. Улар учун бурч, ор-номус, адолат тушунчалари шунчаки оддий сўз эмас, балки уларнинг бутун ҳаёти мазмунига айланган. Ана шундай фидойилардан бири Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг энг тажрибали ходимларидан бўлган полковник Юсуп Османович Дженгазиевдир.

1963 йилда Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида туғилган Юсуп Османович ички ишлар органлари тизимига 1984 йилда кириб келган ҳамда умрининг деярли 40 йилини ўз севган касбига бағишлаган ва ҳанузгача жиноятчиликка қарши курашнинг олдинги сафларида хизмат қилиб келмоқда.

1987 йилда ҳозирги ИИВ Академиясини (олдинги ИИВ Тошкент олий мактаби) тамомлаб, ҳозирги Яшнобод тумани ИИО ФМБ тезкор вакили лавозимида фаолият юрита бошлаган. Шундан сўнг аввалига катта тезкор вакил, сўнгра бўлинма бошлиғи, шунингдек пойтахт Жиноят қидирув бошқармаси бўлим бошлиғи, айни пайтда эса Тошкент шаҳар ИИББнинг ўта муҳим ишлар бўйича ходими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Кўп йиллик тажрибага эга Юсуп Осмонович ИИВ ва ИИББ раҳбарияти томонидан бир неча бор рағбатлантирилган. Шунингдек, давлат мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Бу йил 60 ёшини қаршилаган полковник Ю.Дженгазиев Тошкент шаҳар ИИББда тантанали равишда табрикланди. Бош бошқарма бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов таъкидлаганидек, унинг узоқ йиллик самарали меҳнати, эришган ютуқлари, касбига бўлган муҳаббати барча ходимларга намуна бўлиб, ёш ходимлар айнан шундай устозлардан ўрнак олиши керак.

Тадбир давомида сўзга чиққан полковник Ю. Дженгазиев касбий маҳоратини оширишда унга намуна бўлган, касбнинг ўзига хос сир-асрорларини ўргатган устозларининг ўрни катталигини ва улардан миннатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва шахсий таркиби полковник Ю. Дженгазиевни таваллуд айёми билан табриклар экан, унга кўплаб илиқ сўзларни билдириб, соғлик, узоқ умр ва оилавий фаровонлик тилади. Анъанага кўра, тадбир қаҳрамонига миллий чопон кийдирилиб, гуллар ва эсдалик совғалар топширилди. 

Барча янгиликлар

Text to speech