14 Июн 2024 йил 1602

Ушалмаган чет эл орзуси

Фарзандига чиройли исм қўйиш ота-онага фарз. Бегзоднинг ҳам ота-онаси ўзига бек, ўқимишли,  олижаноб, ақлли, давлатманд бўлсин деган ниятда шу исмни қўйди. Бироқ у кўп вақтини интернет тармоғидаги турли сайтлар ва  каналларга кириб ўтказишни одат қилди. Реал иш қидириш ўрнига, кўнглига ёқадиган, асосийси, тер тўкмай мўмай пул олиб келадиган ишни ижтимоий тармоқлардан қидира бошлади. Шундай уринишларнинг бирида, аниқроғи 2023 йилнинг июнида чет давлатларга ишга жўнатувчи гуруҳ ҳақида билиб қолди. Бегзод саккиз минг АҚШ доллари эвазига Америка давлатига юбориш мумкинлиги ҳақидаги эълонни ва унда кўрсатиб ўтилган маълумотларни билиб олди. Ўзи ҳам шундай фаолият билан шуғулланишга қарор қилди. Ҳадемай унинг телеграм канали ишга тушди. Унга қўнғироқ қилган шахс АҚШ давлатига бориш шартлари билан қизиқди. Бегзод ўз хизматини 17 минг АҚШ долларига баҳолади. Туркия орқали Мексикага ва ундан Америкага ўтказишини айтиб, ишонтиради. Ваъдани қуюқ қилган Бегзод уч кишини алдаб 51 минг АҚШ долларига чув туширишни режалаштиради. Бироқ Америка орзусидаги орзумандларнинг биридан  айтилган суммани олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади.

– Тергов жараёнида у чет элга олиб чиқиш қоидаларидан мутлақо бехабарлиги, бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмаслиги, шунчаки телеграмда ҳазиллашганини баён этди. Аммо бу алдовларга ходимларни ишонади деб ўйлаб хато қилди, – дейди мазкур жиноят ишини тергов қилган Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан етказилган зарар қопланганлиги инобатга олиниб, Бегзод Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига (“Фирибгарлик”) асосан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинган  ҳолда, 1 йилу 6 ойга  ахлоқ тузатиш ишларига  ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech