Моҳиржон Ибрагимов Мустақиллигимиз тенгдоши. 2018 йилдан буён пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари алоқа ва ахборотни ҳимоя қилиш бошқармасида кичик мутахассис лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бугунги рақамли технологиялар ва ахборот коммуникацияларининг ҳаётимиздаги ўрнини эътиборга олсак, унинг касби замонталаб ва масъулиятли эканлигини айтмасак ҳам бўлади. Унга касб сир-асрорларини илк хизмат кўникмаларини подполковник Баҳодир Шакулов ўргатган. Ҳамкасблари ҳам иш жараёнида зарурий йўл-йўриқлар кўрсатиб, унинг соҳавий кўникмаларини тезроқ эгаллашга ва мустақил равишда фаолият юритишига талай ҳисса қўшишган. Қаҳрамонимиз бугунги кунда пойтахт ички ишлари фаолиятида уйғунликни таъминлаш, алоқа ва тегишли коммуникацион тизимларининг кечаю кундуз узлуксиз, равон ва аниқ ишлашини назорат қилишда зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда. Бу касб ҳамиша изланиш ва ўрганишни тақозо этади. Ҳолбуки, алоқа воситаларининг кенг имкониятлари кундан кунга янада кенгайиб ва юқорилаб бормоқда. Буни ўз тажрибасида кузатаётган сафдор Моҳиржон Ибрагимов вақтни бой бермай Тошкент олийгоҳларидан бирида ўқиш билан ишни биргаликда олиб бормоқда. Бу малакасини ошириб, тажрибасини бойитишга хизмат қилмоқда.
– Мустақиллик аждодларимизнинг азалий орзуси эди. Бу йўлда юртимизнинг не-не забардаст, муносиб фарзандлари қурбон бўлишди. Уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатган ҳолда мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш бурчимиздир. Пойтахтимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга хизматим орқали баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди сафдор Моҳиржон Ибрагимов ғурур ва ифтихор билан.