Қишлоқ ҳаёти Нодиржон Жумаевга яхши таниш. Шу жумладан кўча чангитиб, ғайрат-шижоатини қаерга йўналтиришни билмай эгри кўчага кириб қолган ёшлар ҳаёти ҳам. Шу боис 2015 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини тамомлаб, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилоят кенгашида бўлим бошлиғи лавозимида иш бошлаган Нодиржон асосий эътиборини ёшларнинг ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратди. Ёшларнинг ҳар бир мурожаати эътиборсиз қолдирилмади. Ўқиш ва тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Иқтидорли бўла туриб, оилавий шароити туфайли олийгоҳ шартнома тўловларини тўлай олмай ўқишни ташламоқчи бўлган талаба ёшларга тўловларни тўлашда амалий ёрдам берди. Бу борада ташкилот ва маҳкамаларга қайта-қайта эшик қоқиб боришдан тортинмади. Шунингдек, ёш оилаларга турар-жой, имтиёзли кредитлар ажратилишида, ёш тадбиркорларга бизнес-режалар тузишда амалий ёрдам кўрсатди. Уюшмаган ёшларни уюштириб, иш билан таъминлаш, спорт тўгаракларига жалб қилиш, шахсий корхоналарини очишда бизнес-режалари тузишда вақтини аямади. Ишдаги фидойилиги, ёшлар тақдирига жонкуярлиги туфайли Нодиржон Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошидаги Республика ёш ҳуқуқшунослар кенгашига бўлим бошлиғи лавозимига таклиф этилди. Бу даргоҳда фаолият юритаркан Нодиржон кенгаш аъзолари билан биргаликда юртимизнинг чекка қишлоқларида 70дан ортиқ ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этишга эришди. Енгил турдаги, оғир бўлмаган жиноят содир этган 80дан ортиқ ёшларни суд залидан озод қилиш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо турига алмаштириш, кафиллик бериб суд залидан озод қилиш каби эзгу ишларни амалга оширди.
Юқоридаги фаолияти даврида орттирган малакаси ва тўплаган тажрибаси туфайли 2021 йили Тошкент шаҳар Сергели тумани ИИО ФМБ 2-сон ИИБда профилактика катта инспектори лавозимида иш бошлаган Нодиржон Жумаевга хизматга мослашиш ва кўникма ҳосил қилиш деярли муваффақиятли кечди. Шунга қарамай бошқарма бошлиғи ўринбосари, подполковник Абдурасул Таджиев ва вазирлик тизимида кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган подполковник Авазбек Иномовни устоз сифатида миннатдорлик туйғуси билан тилга олади.
Ҳозирда Сергели тумани ИИО ФМБ ташкилий бўлими Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори лавозимида ишловчи, катта лейтенант Нодиржон Жумаев мустақиллигимиз тенгдоши. Юртимизда озодлик шабадасини симиб вояга етган бугунги қаҳрамонимиз бу ҳақда шундай дейди:
– Авваллари шаҳар ва қишлоқларимиз ўртасида осмон билан ерча фарқ бўлган, қишлоқ доимо эътиборсиз ва қолоқ бўлиб қолаверганлигини ёши катталар айтишади. Мустақиллигимиз туфайли бугун ўртадаги тафовут йўқолиб бормоқда. Вилоятларда олийгоҳларнинг очилиши, аҳоли ҳамма қатламлари учун бирдек шароит ва имтиёзларнинг яратилиши мустақиллигимиз берган олий неъматдир. Мустақиллигимизнинг бардавом бўлиши, юртимизнинг гуллаб-яшнаши биз ёшларнинг қўлимизда. Шундай экан, билим олишдан, олдингга интилишдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз керак. Ички ишлар органларида хизмат қилар эканман, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда оз бўлса-да ҳиссам борлигидан фахрланаман.