21 Ноябр 2023 йил 653

Тунги хизмат фаолияти текширилди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал майор Азиз Ташпулатов долзарб қирқ кунлик доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Навбатдаги манзил Чилонзор туманидаги “Новза” ва “Учинчи катта Чилонзор” маҳаллалари бўлди. Пойтахт ИИББ бошлиғи тунги вақтда кўп қаватли уйлар ва маҳаллалар бўйлаб ҳудуд атрофини ўрганди, аҳоли билан бевосита суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини, таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. Шунингдек, маҳалла ҳудудида мижозларга тез егулик тайёрлаб сотувчи кафе, савдо расталари ва бошқа хизмат кўрсатувчи объектлар фаолияти ўрганилди. Ҳудуд профилактика инспекторининг хизмат хонаси текширилиб, олиб келинган фуқаролар билан суҳбатлашилди.

Ўрганиш жараёнида пойтахт ИИББ бошлиғи Чилонзор туманидаги истироҳат боғида бўлиб, у ерда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш юзасидан қилинаётган ишларни ўрганди, истироҳат боғига ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу боғ ҳудуди фуқаролар учун энг замонавий технологик имкониятларга эга мультимедиявий ўйин майдонлари ҳамда анъанвий аттракционлар билан жиҳозланган. Кўплаб кафе ва ресторанлар меҳмонлар учун доим мунтазир, боғ нафақат кундузи, балки тунги вақтда ҳам мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маҳаллаларни кўздан кечириш жараёнида йўл четида турган кекса ёшдаги фуқаро бош бошқарма бошлиғининг эътиборини тортди. Олиб борилган суҳбатдан сўнг ушбу шахснинг ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолганлиги ва бошпанасиз эканлиги аниқланди. Унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги “Меҳр саховат” уйига жойлаштирилди. Тунги хизмат фаолияти ўрганишлар давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech