Қуйида ҳикоямизда баён қилинган воқеа 2023 йилнинг ёзида пойтахт бозорларининг бирида содир бўлган. Мазкур бозор аҳоли орасида мева-чева, сабзавот маҳсулотларининг арзонлиги, “биринчи қўлдан” сотиб олиш имконини бериши билан танилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказувчилар ва деҳқонлар ўз маҳсулотларини шу бозорда сотишни афзал кўришади. Чунки, улар нафақат пойтахт аҳолиси балки супермаркетлар ва бошқа савдо нуқталари томонидан ҳам харид қилинади. Шундай деҳқонлардан бири Аҳмад (исмлар ўзгартирилган) ўз автомашинасида бозор ҳудудига кириб, тарози ўрнатгач, ўз маҳсулотларини машина юкхонасидан тушира бошлади. Унга яқинлашган бозор ходими бир марталик йиғим ҳақи – 40.000 сўм тўлашини эслатди. Аҳмад сал кейинроқ беришини, ҳозир пули йўқлигини айтди. Бир мунча вақт ўтиб, паттачи яна Аҳмаднинг олдига келди ва пул талаб қила бошлади. Аҳмад қаттиқ овозда ҳали ҳеч нарса сотмагани, кейинроқ беришини айтиб, сўкинди. “Аввал тўла, кейин билганингни қил”, деди у ҳам бўш келмай. Паттачи вазият жанжалга айланиши мумкинлигини сезиб, нари кетаётганида, ҳолатга учинчи киши аралашди. 32 ёшли Муслим Аҳмадни катталарни ҳурмат қилишга чақирди-ю жанжални авж олишига туртки берди. Танбеҳдан жаҳли чиққан Аҳмад унга ҳам ўшқира бошлади. Ҳар иккисининг жиззакилиги муштлашувга олиб келди. Аҳмаднинг қўлида пичоқ пайдо бўлди. Муслим уни олиб қўймоқчи бўлганида, пичоқ тиғига қўлига тегиб, кесиб юборди ва қон оқа бошлади. Қонни кўрган Муслим Аҳмадни уриб ерга йиқитди. Аҳмаднинг қўлидан пичоқ чиқиб кетганидан фойдаланган Муслим пичоқни олиб унинг кўкрагига урди. Яқин-атрофдаги фуқароларнинг аралашуви туфайли пичоқбозликка барҳам берилиб, иккиси ҳам яқин орадаги шифохонага етказилди.
Мазкур ҳолат бўйича Бектемир тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Шаҳзод Бахтиёров томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан (“Қасддан оғир тан жароҳати етказиш”) жиноят иши қўзғатилди ва иш тугатилгач, қонуний чора кўриш учун судга юборилди.
2023 йилнинг октябрида Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди 32 ёшли Муслимни Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.