23 Июл 2024 йил 1051

Тўёна қани, тўёна?!

Тўйнинг эртаси Ҳумоюн аранг кўзини очди. Тўйга тайёргарлик, келди-кетди, меҳмонларга тавозе қилишдан анча чарчаган эканми, базўр ўрнидан турди.  Ювиниб ўзига келгач, хотинини чақирди.

– Костюмимни олиб кел! Тўёналарни санайлик-чи, қанча тушибди.

Ёрқиной ҳам шуни кутиб тургандек, дарров костюмини олиб келди, бироқ ғалати ҳолда уни эрига узатди. Чунки костюм жуда енгил ва чўнтаклар бўшлиги шундоққина билиниб турарди. Ҳумоюн чўнтакларни бирин-кетин титкиларкан, ранги оқара бошлади.

– Пуллар қани? – ҳайратда сўради у хотинига шубҳали қараб.

– Билмадим... Кийимингизни қаерга қўйган бўлсангиз, ўша ердан олиб келяпман.

Ҳумоюн ўйга толди. Воқеаларни эслай бошлади. Хаёллари чалкашиб кетди. Тўёна камида 1000 АҚШ доллари бўлиши керак, ка-ми-да... телефон-чи?!               

У фурсатни бой бермай ички ишлар органларига қўнғироқ қилди. 

– Ҳумоюн Давронбекни бир неча маротаба қамалиб чиққанини билса-да, ҳурмат юзасидан қувончли кунини бирга баҳам кўриш фикрида тўйга чақирганди. Аммо у ўз ҳурмат-иззатини билмади. Ҳумоюннинг 300 АҚШ долларилик “Pedmi 8” уяли телефони ҳамда костюм чўнтагидан тўёна сифатида яқинлари томонидан берилган 1000 АҚШ долларини ўғирлади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Иброҳимжон Назиров. – Яхшиликка ёмонлик, дегани шу бўлса керак-да.

Воқеа эса бундай бўлганди... 1982 йилда туғилган, тўрт нафар фарзанднинг отаси Давронбек  2023 йилнинг 28 июнида танишининг тўйига бориб, еб-ичиб, кўнгилхушлик қилиб ўтирди. Кечки соат тўққизларда тўй қизигандан қизиди. Куй-қўшиқлар рақсларга уланиб, биров билан бировнинг иши бўлмай қолди. Атрофга аланг-жаланг боқаётган Давронбекнинг кўзи стулга осиб қўйилган костюмга тушди. Аксарият рақсга тушаётганидан фойдаланиб, у стулга яқинлашди ва ўтириб, гўёки ўзининг кийимидек чўнтакларини тита бошлади. Уяли телефон ва пулларни олиб, Ҳумоюнга илтифот билдириб, хайрлашаётган меҳмонлар қаторига қўшилди, қўлини кўксига қўйганча, виқор билан аста чиқиб кетди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди беш маротаба судланган, хавфли рецидивист деб топилган Давронбекнинг қилмишига қонуний баҳо бериб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига (“Ўғрилик”) асосан айбли деб топди ва беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech