Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини янада такомиллаштириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ўртасида ИИВ Маданият саройида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан пойтахт ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатов бошқарма томонидан жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Ҳаммаси инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ички ишлар органларининг ижтимоий ролини ошириш, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ишлар алоҳида таъкидланди. Бундай ёндашув туфайли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда маҳаллаларда хавфсиз муҳит таъминланиб, фуқароларнинг муаммолари ҳал этилмоқда.
Танлов натижаларига кўра бир қатор иш йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланди. Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник Мирсадиқов Дилмурод “Энг фаол сектор раҳбари” номинациясида ғолиб деб топилди. “Энг фаол профилактика инспектори” номига Яккасарой тумани ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори катта лейтенант Усмонов Хошимхўжа лойиқ топилган бўлса, Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ пробация бўлими инспектори капитан Қурбанов Шерзод “Энг фаол пробация хизмати инспектори” номинациясида ғалабани қўлга киритди. Шунингдек, “Энг фаол йўл-патруль хизмати инспектори” деб Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биринчи туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати катта инспектори сержант Ўроқов Сарвар ва “Энг фаол патруль-пост хизмати инспектори” деб Юнусобод тумани ИИО ФМБ Жамоат тартибини сақлаш бўлими патрул-пост хизмати ходими сержант Толипов Даврон эътироф этилди. Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори катта лейтенант Хўжаева Гулнора эса “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори” номинациясида ғолиб бўлди. “Энг фаол инспектор психолог” номинациясида биринчиликни Юнусобод тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор майор Нурмуҳаммедов Бахтишод эгаллади.
Танловда “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, номинацияларида ғолиб бўлганлар ҳам шаҳар ИИББ ташаккурномалари, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.