Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда
Пойтахтимизда мунтазам равишда шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари жойларда ўрганилмоқда.
Юнусобод туманида ўтказилган навбатдаги қабулда ички ишлар органлари ҳамда 3-сектор фаолиятига тааллуқли мурожаатлар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, полковник Aлиахмед Чориев томонидан кўриб чиқилди.
Сайёр қабул давомида туман ҳокими ҳамда масъул раҳбарлар томонидан аҳолининг мурожаатлари ўрганилди. Қабулга “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар ўзларини қийнаётган масалаларига ечим топиш мақсадида келишди.
Сайёр қабулда 32 нафар фуқаро иштирок этди. Ҳар бир муаммо батафсил ўрганилиб, ҳар бир мурожаат бўйича ечим топилди.
Яна бир аҳоли билан очиқ мулоқот Яшнобод туманидан бўлиб ўтди. Сайёр қабул жараёнида 21 нафар фуқаро ўз ариза ва шикоятлари билан мурожаат қилди. Конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашувда 12 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, қўшимча ўрганишни талаб қилувчи мурожаатлар назоратга олинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган сайёр қабуллар тизими аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, жойларда ижтимоий-иқтисодий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилмоқда.