Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Ташпулатов бошчилигида Чилонзор тумани ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув «Гагарин» сайилгоҳида ташкиллаштирилди. Тадбирда Чилонзор тумани ҳокими Саидқаххор Холхўжаев, Чилонзор тумани сектор раҳбарлари, туман Мудофаа ишлари бўлими вакиллари, соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этдилар. Шунингдек, учрашувда туманнинг барча маҳаллаларида истиқомат қилувчи пробация рўйҳатида турувчи, ишсиз ва уюшмаган ёшлар иштирок этдилар ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўз сўзида, Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда ушбу турдаги жиноятларни олдини олиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Ёшлар билан очиқ мулоқотдан сўнг сайёр қабул ҳам ўтказилди. Қабул давомида ёшлар 40 дан ортиқ масалалар билан мурожаат этишди. Мурожаатларнинг аксариятига жойида ҳуқуқий тушунтириш берилиб, қолган масалаларни ҳал этиш бўйича топшириклар берилиб, назоратга олинди. Жумладан, 27 ёшли Собиржон ва 23 ёшли Ғиёсиддиннинг ишга кириш билан боғлиқ мурожаати ижобий ҳал қилиниб, улар профилактика инспекторининг ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинди. ИИББ бошлиғи томонидан, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб, ҳамкасблари орасида фаол бўлган 15 нафар профилактика инспектори ёрдамчиларига “Фахрий ёрлиқ” ва совғалари топширилди. Шунингдек, тадбир давомида, волейбол бўйича Ички ишлар вазири кубоги мусобақасида фахрли биринчи ўринни эгаллаган Чилонзор тумани ёшлар жамосига пул мукофоти ва китоблар тўплами топширилди. “Беш ташаббус олимпиадаси”да фаол иштирок этган 15 нафар ёшларга китоблар жамланмаси ва спорт анжомлари совға қилинди. Чилонзор тумани ИИО ФМБ пробация ҳисобида турувчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳкумларни жазо турларини алмаштириш бўйича сайёр суд ўтказилди. Ўтказилган сайёр суд жараёнида тузалиш йўлига ўтган 6 нафар маҳкум муддатидан аввал шартли равишда озод этилди.