Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги қабули бўлиб ўтди
Куни кеча пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов Олмазор туманида навбатдаги фуқароларнинг сайёр қабулини ўтказди. Қабулда туман ҳокими Азизхон Умарханов, тегишли ташкилот ва ҳудудий бўлинмалар масъул ходимлари иштирок этди. Мазкур қабулда “Аёллар дафтари”да турувчи 5 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари ва оверлог, “Ёшлар дафтари”да турувчи 2 нафар ёшларга ўзини-ўзи банд қилиш учун ноутбук, 3 нафар ёшга олий таълим муассасаларининг контракт тўловининг муайян қисми ҳамда “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи 2 нафар фуқарога саломатлигини тиклаши учун сертификатлар топширилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган қабулда 50 нафарга яқин фуқаролар иштирок этиб, улардан соғлиғини тиклаш учун йўлланма, моддий ёрдам, пробация назоратидаги шахсларни озод этиш учун судларга тақдимнома киритиш, ўзини ўзи банд қилиши учун иш қуроллари, тадбиркорлик қилиш учун субсидия ажратиш каби муаммолари бўйича мурожаатлари тингланди.
Эътиборлиси, ҳар бир мурожаат бош бошқарма бошлиғи ва мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилиб, 22 та масала жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 16 та мурожаатнинг ижроси муддат талаб қилгани сабабли соҳавий хизматларга юклатилиб, назоратга олинди. 9 нафар фуқарога эса ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бу каби сайёр қабуллар пойтахтимиз туманларида давом этмоқда.