15 Январ 2025 йил 87

Тошкентда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлигига старт берилди

Тошкент шаҳрида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тун-у кун хизмат олиб бормоқда. Лекин шунга қарамасдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар салмоғи юқорилиги ачинарли ҳолатдир.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтда 2024 йил давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 447 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу жиноятларнинг 2 413 таси ёки 70 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган. Тадбирлар натижасида 238 кг 815 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, фуқаролар соғлиғи, ёшларнинг келажаги ётганлигини унутмаслигимиз керак.
Тошкент шаҳрида бу каби жиноятларга кескин курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида, 2025 йилнинг 15 январь кунидан “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди. 15 февраль кунига қадар давом этадиган ойлик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан туну кун хизмат ташкил этилиб, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
Ойлик доирасида кучайтирилган тартибда тунги рейдлар ўтказилиб, ўткир тиғли ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб юриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ("закладчик"), “наркограффити” билан шуғулланиш каби ҳолатлар аниқланиб, қонуний қарор қабул қилинишини таъминланади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, 71-206-44-79 телефон рақамига ёки @stopnarko_bot телеграм бот орқали мурожаат қилишингиз сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Барча янгиликлар

Text to speech