2 Сентябр 2024 йил 1637

Тошкент шаҳар ИИББда Мустақиллик байрамининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Она юртимиз Мустақиллиги ҳар йили кенг шодиёна билан нишонланади. Барча ташкилот ва жамоаларда, маҳаллаю қишлоқларда халқимиз ушбу байрамни қувонч ва шодлик ила кутиб олади. Мана шундай байрам тадбири «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» деган бош ғоя асосида пойтахт ИИББда ҳам бўлиб ўтди.


Байрамни кириш сўзи билан очган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.


Шундан сўнг А.Ташпулатов барча ходимларни, фахрийларни, хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва бутун халқимизни Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан самимий табриклади. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги ортида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг меҳнати турганлигини, туну кун хизмат қилаётган ходимлар ўз хизматига сидқидилдан ёндашаётгани ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади. Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, Тошкент шаҳар ИИББ да хизмат қилувчи икки нафар ходим байрам арафасида давлат мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек 33-ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз байроғини баланд кўтарган ва олтин медални қўлга киритган жаҳон чемпионлари орасида пойтахт ИИББ ходими Абдумалик Халаковнинг борлиги, ИИО ходимларининг жаҳон ареналарида ҳам юрт шаънини ҳимоя қилаётганлигидан далолат беради .


Тадбир давомида бир нечта ходимларга Мустақиллик айёми муносабати билан ички ишлар вазирининг буйруғига асосан кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари, шунингдек Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг буйруғига асосан фахрий ёрлиқ ва мукофотлар тантанали равишда топширилди.


Байрам сўнгида ИИББ қошидаги "Ниҳол" жамоаси ходимлари томонидан тайёрланган саҳна кўриниши ва куй-қўшиқлар намойиш этилди.

Барча янгиликлар

Text to speech