Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Бугунги дунёнинг геосиёсий манзараси” мавзусига бағишланди. Тадбирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети вакили Шерзод Сайфуллаев маъруза қилди. У ўз нутқида, геосиёсат - сиёсий тафаккурнинг йўналиши бўлиб, ҳудудни назорат қилиш, турли давлатлар ва давлатлараро бирлашмаларнинг таъсир доираларини тақсимлаш, шунингдек қайта тақсимлаш қонуниятлари мавжудлигини, ҳозирги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос ўрин тутишини, мустақил давлат сифатида халқаро алоқаларни ўрнатиши ҳамда янада ривожлантириш учун стратегик имкониятларга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида йиғилиш иштирокчиларга “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди. Сўнгра 30 июль – Халқлар дўстлиги кунига бағишланган байрам тадбири турли маданият вакилларининг концерт дастури билан давом этди. Тадбир давомида иқтидорли ходимлар ва таклиф этилган меҳмонлар томонидан дунёнинг турли тилларида дўстлик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро бағрикенглик ҳақидаги қўшиқлар ижро этилди. Барча чиқишлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади ва илиқ хотиралар қолдирди.