16 Июл 2022 йил 3928

Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Тошкент шаҳар ИИББга ташриф буюрди

Тожикистон Республикаси ИИВ Милиция фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича миллий координатори, милиция полковниги Хамдамзода Валихон Хамдам бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлишди.

Меҳмонларни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари - Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи подполковник Улуғбек Агзамходжаев кутиб олди. Делегация раҳбари ва аъзоларига Тошкент ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасининг тузилмаси ва асосий вазифалари, ислоҳот ва истиқболдаги режалар ҳақида қисқача сўзлаб берилди.

Сўнг меҳмонлар Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мултимедиа маркази ва “Шон-шараф” музейи билан танишиб чиқишди. Делегация аъзоларига Ахборот мултимедиа маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. “Шон-шараф” музейига ташриф давомида меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинган республика ички ишлар органлари шаклланишининг турли босқичларида ишлатилган форма-кийимлари, авто ва мототранспорт, махсус восита ва қуроллар экспозисиялари уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, меҳмонлар Чилонзор тумани ИИО ФМБ 2-сон ИИБга қарашли Учтепа ҳуқуқ тартибот маркази фаолияти билан ҳам танишдилар. 2022 йилда эълон қилинган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да ташкил этилган мазкур ҳуқуқ тартибот маскани ҳудуддаги бир неча маҳалла фуқаролари учун қулай жойлашуви ҳамда у ерда яратилган шароитлардан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш – ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони” эканлиги ташриф буюрувчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ташрифнинг иккинчи куни меҳмонлар Бош бошқарма ППХ ва ЖТСБ фаолияти ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишишди.

Ҳозирда Тожикистон Ресупубликаси ИИВ делегасиясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

 

Барча янгиликлар

Text to speech