Рецидивист деб топилганига қарамай, Қурбонбой эски ҳунарини ташламади. Илгари бир неча марта фирибгарлик жинояти учун судланган “қаҳрамонимиз”ни эски “ҳунарининг хумори” тутдими, яна жиноятга қўл урди. Қамоқдан чиқиб, Яккасарой туманида жойлашган савдо мажмуаларидан бирининг автотураргоҳида автомашиналарнинг кириш-чиқишини тартибга солишдек осон ва жавобгарлиги йўқ ишга кирди. Ҳайдовчилар бу хизмати учун уни қуруқ қўйишмайди, кўнгилдан чиқариб. атаганини ташлаб кетишади. Қурбонбойнинг қўли пул кўрди, аммо у пули жуда кўп бўлишини хоҳларди.
Фарзандларини мажмуага киритиб, тўхташ жойида кутиб турган Суннатилла Қурбонбой билан суҳбатлашиб қолди. Гап орасида пиёда юриш жонига текканини озгина пул тўплагани, аммо у машина сотиб олиш учун камлик қилаётганини айтди.
– Қанчаларни кўзлаяпсиз, – аста қармоқ ташлади Қурбонбой.
– Аранг тўрт минг доллар йиғдим. Тезда олмасам, рўзғорга кириб кетишидан хавотирдаман. Ҳар кун хотиним билан уришиб, тишимнинг ковагида асраб келяпман,– ҳасрат қилди Сунатилла.
– Агар ишонсангиз танишим СПАРК сотаётганди. Истасангиз тўрт мингга кўндириб бераман.
Суннатилла эртасигаёқ айтилган тўрт минг АҚШ долларини олиб келиб Қурбонбойга тутқазди. Шу-шу уни кундузи чироқ ёқиб қидирса-да топа олмади. Ишонувчанлиги панд берган Суннатилла Яккасарой тумани ИИО ФМБга мурожаат қилди. Терговда Қурбонбой олган пулларни аллақачон ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги маълум бўлди.
– Ҳозирги кунда автомашина олиш имкониятлари кенг. Агар етарли маблағ етмаса, банклар орқали кредит расмийлаштириб харид қилиш энг ишончлисидир. Бироқ фуқаролар яратилган қулайликларга қарамай, ҳамон фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишмоқда, – дейди Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан А.Бафоев. – Автосалонларда тўловлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиш мумкин. Суннатилла қонуний йўл тутганида, аллақачон автомашина эгаси бўлиши мумкин эди.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди ушбу жиноят ишини кўриб чиқиб, Қурбонбойни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Жиноятчи томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланганлиги сабабли, Қурбонбойга базавий ҳисоблаш миқдорининг 330 баравари миқдорида жарима жазоси ва иш ҳақининг 10 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, бир йилу беш ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.