Жорий йилнинг 10 октябрь куни соат 19.00 да Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасида ўзаро учрашишади.
iticket.uz сайти маълумотига кўра, Ўйинга бўлган қизиқиш юқори бўлганлиги сабабли сотувга чиқарилган барча чипталар тугаган.
Ўйинни юқори даражада ўтказиш мақсадида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилган.
Ҳурматли фуқаролар! Сизлардан стадионга ўйин бошланишидан вақтлироқ ташриф буюришингизни, шахсий транспортингизда эмас, балки жамоат транспортида келишингизни, чипталарсиз ўйингоҳга келмаслигингизни (чипталарсиз киритилмайди) сўраб қоламиз. Футбол ишқибозларига қулайлик яратиш ва тирбандликларга йўл қўймаслик мақсадида қўшимча жамоат транспортлари ажратилганлигини маълум қиламиз.
Шунингдек, футбол ишқибозлари стадионда жамоат тартибига ва ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилишларини, мухлислик маданиятига амал қилишларини сўраймиз.
Ўзбекистон терма жамоасига бугунги ўйинда омад тилаймиз.