Терговчи хонасидан олиб чиқиларкан Музроб:
– Мен ҳали сенга кўрсатиб қўяман, туғилганингга пушаймон ейсан, шошмай тур... – ва яна нималарнидир минғирлаб, дағдаға ва пўписа билан олайганча чиқиб кетди.
Бундай таҳдидларни кўп бора эшитган Шаҳноза Зарипова гарчи ёқимсиз бўлса-да, уларни ҳиссиётларсиз қабул қилишга ўрганди. Энди иш бошлаганида жиноятчилардан бири унга жароҳат етказиш ва қўрқитиш мақсадида сўроқ-тергов жараёнида ҳимоя ойнасини синдиришга урингани ёдига тушди. Ҳа, устози Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Фотима Тўлаганова “Терговчилик осон иш эмас, таҳдид ва қўрқитишлар, камситиш, ноўрин сўзлар эшитишга тўғри келади. Сен эса ўзингни йўқотмаслигинг, шахсий адоват туйғусига берилмаслигинг керак”, деганларида қанчалик ҳақ экан.
Оилада ёлғиз қиз бўлган Шаҳноза ИИВ Академияси Тергов факультетига ҳужжатларини топширганида, кўп йиллардан бери ўқитувчилик қилиб келаётган отаси Ўктамжон ака “Қизим, онанг ва менга ўхшаб таълим соҳасини танласанг бўлмайдими, қийналиб қоласан-ку!”, деб қайтармоқчи ҳам бўлганди. Бироқ Шаҳноза ўз орзусига эришди. 2017 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тугатиб, юқорида қайд этилган даргоҳда иш бошлади. Устозининг ўгитлари ва бевосита назорати остида товламачилик жиноятини тўлиқ очишга эришди. Воқеа тафсилоти эса бундай бўлганди. 19 ёшга тўлмаган Роҳатой (исмлар ўзгартирилган) телефон орқали Ботир билан танишиб, учрашувга чақиради. Орадан озгина муддат ўтиб, бирга тоққа боришни у ерда бир гўшани ижарага гаплашиб қўйганини айтади. Ботир рози бўлади. У ердаги воқеаларни яширин видеотасвирга олган Роҳатой оз вақт ўтиб, Ботирдан пул талаб қила бошлайди. Аввалига Ботир шарманда бўлмаслик учун қизга айтилган пулларни бериб туради. Қизнинг кундан кунга “иштаҳаси” ҳакалак отиб, бунча пул топиб бера олмаслигига кўзи етса-да, атай жуда катта пул бериши ёки уйланишини талаб қилишга ўтади. Ночор қолган йигит ички ишлар идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
– Роҳатойга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилганда ҳам аёл ва унинг яқинлари томонидан юқоридаги дўқ-пўписаларни эшитишимга тўғри келганди, – дейди Шаҳноза.
Шундан сўнг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятни тергов қилган Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Шаҳноза Зарипова гиёҳвандлик савдосини изга қўйган бир неча шахслардан иборат гуруҳни фош қилиб, Жиноят кодекси ва Кодекс нормаларини тўғри қўллаган ҳолда жиноят ишини судга юборди. Бугунги кунда жиноят турларидан қатъий назар ишониб топширилган қонунбузилиш ҳолатларини тўлиқ ва холисона тергов қилаётган Шаҳноза икки фарзанднинг онаси, оқила уй бекаси.
– Турмуш ўртоғим ва уларнинг ота-онаси қўллаб-қувватламаганида, яқиндан ёрдам бермаганида табиийки, жуда қийналган бўлар эдим, – дейди Шаҳноза. – Бахтимга улар ҳамиша соғу омон бўлишсин.
Қаҳрамонимиз Шаҳнозага ўз соҳасида янада катта ютуқларга эришишини тилаб қоламиз.