Шахсий таркиб ўртасида қонунчиликни мустаҳкамлаш, хизмат интизомига риоя қилиш, ходимлар маънавий-маърифий савиясини ошириш масалалари ҳамиша пойтахт ИИББ раҳбариятининг диққат-эътиборида. Ички ишлар вазирлигининг фармойишига асосан, жорий йилнинг 1 июнидан 30 июнига қадар ички ишлар органларида “Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” ўтказилиши белгиланган.
Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББда мазкур ойлик давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, полковник Алиахмед Чориев, ИИВ ШХББ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, бош бошқарма соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида ойликнинг самарали ўтказилишини таъминлаш мақсадида, шу давргача йўл қўйилган, аниқланган камчиликлар, бу борадаги муаммолар муҳокама қилиниб, келгусида уларни бартараф этиш борасида фикрлар билдирилди. Шунингдек, иш кўрсаткичларини яхшилаш, ижрочилик интизомини кучайтириш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, ходимларнинг иш жараёнини тегишли тартибда назорат қилиш, хизматга шайлик даражасини оширишга эътибор қаратиш, уларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини тўғри баҳолаш бўйича зарурий кўрсатма ва қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш сўнгида бош бошқарма соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари билан ИИВнинг 2022 йил октябрдаги “Ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.