8 Январ 2025 йил 135

Тавба ўрнига жиноят

Камолиддин илк талончилик жиноятини содир этганида балоғат ёшига ҳам етмаган эди. Ундан кейин жиноятлар ҳалқаси бир-бирига уланиб кетаверди: босқинчилик, товламачилик, ўғирлик. Ота-онаси оилали бўлса қуйилиб, ақли кириб қолар, деган ўйда ўғлининг қамалиб чиққанини яшириб, уйлантириб қўйишди. Бироқ, кейинги қамалганида турмуш ўртоғи эрининг тарихидан хабар топиб, бир фарзандини олиб уйига кетди ва ажрашишга қарор қилди. Аввалданоқ оила масъулиятини ҳис қилмаган Камолиддин биргина нафси, ҳою ҳаваслари йўлида тараллабедод ҳаёт кечира бошлади. Хавфли рецидивист мақомини олганлигига қарамай гуноҳларини ювиш, ҳаёт тарзини ўзгартириш ҳақида заррача ўйламади. Қамоқхонадаги ўрни совумай туриб, 2022 йилнинг 3 декабрида яна жиноятга қўл урди. Шу куни соат 18.30 ларда тумандаги Чўпон-ота кўчасида жойлашган қаҳвахоналардан бирига кириб тамадди қиларкан, ён-атрофдаги хўрандаларни кузата бошлади. Иккита стол нарида бир неча эркаклар қизғин суҳбатлашишар, афтидан яхшигина кайфи бор эди. Камолиддин стол устига бепарволарча ташлаб қўйилган, нархи 2.500.000 сўм бўлган “Redmi Note 10” уяли телефонига кўзи тушди ва қўнғироқ қилиб олиш учун сўради. Алоқа яхши эмаслигини баҳона қилиб, аста-аста қаҳвахонанинг орқа эшиги томон юра бошлади ва кўздан ғойиб бўлди. М.Сергей бир оздан сўнг ҳушёр тортиб телефонини сўраган хўрандани қидиришга тушди. Гап нимадалигини англаб, туман ички ишлар органига мурожаат қилди.

– Қаҳвахонадан чиққан Камолиддин орадан кўп вақт ўтмай телефонни 400.000 сўмга нотаниш кимсага сотиб юборди, – дейди Чилонзор туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Артур Камолов. – Беш маротаба судланиб ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаган Камолиддиннинг мазмунсиз умри, ўз тақдирига бефарқлиги, ўзини қўпол ва тажовузкор тутиши бу кимсанинг қанчалар залолат ботқоғига ботганлигидан далолат беради.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Р.Камолиддиннинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Етказилган зарар қопланганлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech