15 Январ 2025 йил 72

Танловида адашмади

Касбга иштиёқ ёшликдан бошланади. Аввал ҳавас бўлган туйғулар агар у мустаҳкам бўлса, ўзингиз билан бирга вояга етиб, мақсадга айланади. Ҳилола Одил ака ва Лолахон опаларнинг уч фарзанди ичида яккаю ягона қиз бўлганлиги боис, онаси унинг врач бўлишини истаган бўлса, отаси эса унинг ҳар бир қарорига хайрихоҳ эди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Ҳилола Республика ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширишини айтганида, онаси “бу эркакларнинг касби, қиз болага дўхтирлик ярашади”, деган аммо отаси унинг танловини қўллаб-қувватлаган эди. У тергов йўналишини танлади. Тингловчилик даврини ортда қолдириб, илк хизмат фаолиятини 2007 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси, лейтенант унвонида бошлади. Устози бўлим теровчиси, майор Ҳусниддин Умирбоев камтар, ўта тортинчоқ, жиккаккина, кўринишидан ишонувчан қизни кўрганида: “бундан терговчи чиқмайди, сал қаттиқ гапирсанг йиғлаб юборай дейди-ку, қўпол, сурбет жиноятчини қандай сўроқ қилади”, деган фикрда, унга фарзандларига алимент тўлашдан қочиб юрганлар ишини топширишни лозим топди. Бироқ Ҳилоланинг фарзандлари ҳақини тўламай, ўзларини ҳар хил кўйга солиб – исм-шарифларини ўзгартириб, қўшни давлатларга чиқиб кетиб, яшаш жойларини яшириб – қочиб юрганларни топиб уларни қонунан “танобларини тортиб” қўяётганини, болалар ҳақларини тийин-тийинигача ундириб бераётганини кўргач, фикрини ўзгартирди. Товламачилик, босқинчилик ва бошқа оғир жиноятлар билан боғлиқ тергов ишларини ишониб топшира бошлади. Хизматга сидқидилдан ёндашуви, тергов ишларини қонундан оғишмай юритиши, тўғри таснифлаши унинг Тошкент шаҳар ИИББ Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида фаолиятини давом эттиришда қўл келди. Бу ерда шаҳар ва вилоят туманларидаги ички ишлар органлари фаолиятидаги айрим фарқлар тезда кўзга ташланди. Иш ҳажмининг кўлами, жиноят турларининг деярли барчасининг шаҳарда учраши, “шаҳарлашган жиноятчи”ларнинг муомаласига ўрганиш, кўникиш лозим эди. Устози майор Шорасул Шоназаров ёш терговчига хизматнинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиш баробарида топширилган ҳар бир жиноий ишларнинг шогирди томонидан юритилишини қатъий назорат қилиб, йўл қўйган хато ва камчиликларини кўрсатиб борди. Бугунги кунда пойтахт ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Ҳилола Аманова ҳақида бошқарма раҳбарияти унинг интизомлилиги, меҳнатсеварлиги, шахсий таркибни ўзига эргаштира олиши, ишни хизматга оид буйруқ, кўрсатма ва меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкиллаштириб, самарали олиб бораётганини эътироф этади. Шунингдек, у ўтказилаётган амалий машғулотлар ҳамда шахсий таркибни ўқитиш, тарбиялаш, касб ва жанговар маҳоратларини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирларни унумли ташкиллаштириб келмоқда. Кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, подполковник Ҳ. Аманова инсоннинг яхши-ёмон бўлиши оилага, ундаги тарбияга боғлиқлигини таъкидлайди.
– Ҳаёт фақат хурсандчилик ва ҳузур-ҳаловатдан иборат эмас. Унинг ўзига яраша синовлари, аччиқ ва оғир машаққатлари бор, –дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бундай ҳолатларда тушкунлик, умидсизликка тушмаслик, эгри йўлларни танламаслик учун касб-ҳунар эгалламоқ, билимли бўлмоқ, кўпроқ китоб ўқимоқ керак. Айниқса, қиз-аёллар учун ҳунар ва одоб-тарбия жуда зарур.
Куни кеча подполковник Ҳ.Аманова Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан сидқидилдан, фидойи меҳнатлари учун Республика ИИВ томонидан II-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Подполковник Ҳ.Аманова турмуш ўртоғи ички ишлар ходими Аброржон билан бир қиз ва икки ўғилни билимли, юртимиз, халқимиз корига ярайдиган баркамол, соғлом фикрли инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келишмоқда. Кун келиб, улар ўз ютуқлари ва юртимизга муносиб хизматлари билан ота-онасининг юзини ёруғ, келажагини саодатли қилиши, шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech