Баъзиларга ҳайрон қоласан. Ўйламай-нетмай қонунни бузишади, кейин қонунга зид хатти-ҳаракатини ноқонуний йўллар билан “қонунийлаштирмоқчи” бўлишади. Аслида бир ишга қўл уришдан аввал унинг қанчалик тўғри, қонуний эканлигини билиш керак эмасми?! Шавкат ҳам э йўқ, бе йўқ 22 тонна ёғ маҳсулотларини Республикамизга олиб киришни мақсад қилди. Бироқ Тошкент тумани ҳудудидаги божхона постида тегишли ҳужжатлари бўлмаган маҳсулот тўхтатилди. У зир югуриб маҳсулотини қонунийлаштириш ҳаракатига тушди. Шундай дўпписи тор келган, моли билан қўшилиб, пули ҳам куйиб кетай деб турган тиғиз пайтда яқин таниши Муродхўжани учратиб қолди. Бу 2022 йилнинг октябрь ойи эди.
– Шошилиб қаёққа кетяпсан? – сўради Муродхўжа Шавкатдан.
– Ўн беш кун бўлдики, молимни чегарадан ўтказа олмаяпман, – нолиди Шавкат.
Гап-гапга уланиб, Муродхўжа битмайдиган иш йўқлигини, агар ҳаражатдан қочмаса, бунинг имкони борлигини айтди. Божхонада таниши ишлашини, истаса ёрдам беришини таъкидлади. Бир ҳафта ичида муаммоси ҳал бўлишидан хурсанд бўлган Шавкат ўша куниёқ кечга бориб 2.400 АҚШ долларини “нажоткорига” тутқазди.
Икки кун ўтиб 37.700.000 сўм, жами 6.000 АҚШ долларини Муродхўжага бериб маҳсулотларини олиш кунини кута бошлади. Лекин Муродхўжа сувга тушган тошдек дараксиз кетди. Шавкат танишидан бундай муносабатни кутмагани боис, ҳадеганда ички ишларга мурожаат қилишга шошилмади. Аммо унинг илгари ҳам кимларнидир алдаб, пулларга чув туширгани ҳақида хабар топгач, туман ички ишларига мурожаат қилди.
– Ўттиз ёшдан ошган, олий маълумотли, оилали, илгари бир неча маротаба судланган Муродхўжанинг ўз танишини чув тушириши мўмай пул топиш дардида ҳеч кимни, ҳатто яқин танишини ҳам аямаслиги, унинг залолат ботқоғига ботганидан дарак беради, – дейди Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков. – Одамнинг оласи ичида деганларидек, Шавкат ҳам танишининг сиртига қараб баҳо бериб, алдаши мумкинлиги ҳақида ўйламаган ҳам. Аслида содда одамлар бошқаларни ҳам шундай деб ўйлашади.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди томонидан Муродхўжа Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилди. У томонидан етказилган моддий зарар қопланганлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.