22 Ноябр 2024 йил 60

Танганинг икки томони

        ХХI асрни бежизга ахборот асри дейишмайди. Аввал фақат телевизор, радио, оммавий ахборот воситалари орқали дунё воқеаларидан кечикиб бўлса-да хабардор бўлган бўлсак, бугун интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиб, воқеаларнинг реал жараёнини кузатиш муаммо эмас. Бироқ бу айрим нопок, тер тўкмай пул топишни ният қилганлар қўлида ўзига хос қурол бўлиб хизмат қилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Қуйида Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Ортиқбой Жуманов томонидан тергов ҳаракатлари пухта ва билимдонларча олиб борилиб, суд ҳукмига ҳавола этилган жиноят иши фикримизнинг яққол далилидир.


        Суҳроб интернет тармоғидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни анчадан буён режалаштириб юрарди. Мақсади – интернет фойдаланувчиларини сохта эълонларга қизиқтириб, масофадан туриб пул ишлаш эди. Режасини ипидан игнасигача пухта ўйлаб, ахири ишга киришишга аҳд қилди. 2022 йилнинг ноябрь ойида интернетнинг телеграм ижтимоий тармоғида сохта профил очди ва ушбу профил орқали тармоқдаги турли гуруҳларга ”PUBG” номли ўйин қаҳрамонлари яратилган профил-аккаунтлари ҳамда сотув сайтига “ Samsung S20” мобил қурилмасини сотиш ҳақида сохта эълон жойлаштирди. Харидорларнинг арзон нархга учишини билиб аслида мавжуд бўлмаган товарларнинг нархини пастлаб кўрсатди. Тез орада А.Рустам эълон бўйича мурожаат қилди. У мобил қурилманинг нархи 2.700.000 сўм – нима учун арзонлиги билан қизиққанида Суҳроб унга ўзини онлайн дўкон эгаси эканлиги, олиб-сотар эмаслиги, биринчи қўлдан олаётганини билдирди. Бошланғич тўлов – 600.000 сўмни пластик картага ўтказиб бериши билан такси орқали айтилган манзилга етказилишини ёзиб уни ишонтирди. Табиийки, Рустам унинг бу макрига илинди ва айтилган пулларни ўтказиб берди. 19 ноябрь куни А.Зиёдулла худди шундай усул билан “PUBG” номли ўйин қаҳрамонлари яратилган профилни 1.060.000 сўмга пластик картасига ўтказиш йўли билан “сотиб олади”.


        – Бу ўйин жуда кенг тарқалган бўлиб, унда дунёнинг исталган мамлакатидан туриб, бошқа мамлакатдаги шахслар – бир вақтнинг ўзида бир нечаси – билан бирга онлайн тарзда ўйнаши мумкин, – дейди капитан О.Жуманов. – Ўйинда ҳамма ўзининг кучайтирилган ўйинчи қаҳрамонларини профил орқали алоқага чиқиб савдолашиб, сотиб пул ишлаши мумкин.


         Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди И.Суҳробнинг қилмишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, “б”, “г” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, яъни 1.500.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech