Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз томонидан “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши билан унинг мазмун-моҳиятини ўрганиш орқали ижросига қаратилган ишлар суръати жадаллашиб кетди. Бу жараёндан олий ўқув юртлари ҳам мустасно эмас. Куни кеча Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқув юрти раҳбарияти ҳамда ҳуқуқ-тартибот масъуллари, Учтепа тумани ИИО ФМБ раҳбарияти, профилактика инспекторлари иштирокида ўтказилган учрашув ва сайёр қабули айнан талабалар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ҳушёрлик ва огоҳликка чақириш, жиноятчиликка йўл қўймаслик ҳамда хавфсиз муҳитни яратиш масалаларига бағишланди. Хусусан, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, юртимиз ривожи ва равнақи, жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш кабиларга эътибор қаратилди. Мутасаддилар томонидан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашув давомида ёшларнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни яратиш бўйича фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди, эътиборга лойиқлари қайд этилди. Қизиқарли ўтган учрашувда талабалар масъуллар томонидан ўзларининг кўплаб саволларига жавоблар олишди. Масъуллар томонидан талабаларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича ҳуқуқий тавсиялар берилди.