28 Октябр 2024 йил 601

Сохта “газчи” фуқароларни чув туширди

Бир йил ишлаб туман “Ҳудудгазтаъминоти” корхонасидан бўшаб кетган Азиз бирор ишнинг бошидан тутмади. Ижтимоий тармоқларда иш ўринлари эълонларини кузатиб иш тавсия қилган хотинига бирини узоқ, бирининг ойлиги кам, яна бирига бошқача баҳонада, уяли телефонини титиб ўтиришдан қизиқроқ машғулот топа олмади. Унинг ишламай, рўзғор юкини хотини елкасига ташлаб қўйишидан зада бўлган рафиқаси шу зайлда давом этаверса, вояга етмаган фарзандини олиб ота уйига кетиши ва ажрашишини маълум қилди. Ноилож қолган Азиз шунда ҳам ҳийла ишлатиб, гўёки иш қидирган бўлиб кўчага чиқиб кетадиган, бекорчиликдан тентираб келадиган одат чиқарди. Хотини бу шумлигини ҳам билиб қолгач эса фириб йўлига ўтди. У тумандаги 1935 йилда туғилган, ёлғиз яшовчи С.Галинанинг уйига ташриф буюрди. Унинг газ ҳисоблагич мосламасининг йўқлигини билгани ҳолда жарима тўлаши билан “қўрқитиб”, газ ҳисоблагичини ўз нархида қўйиб беришга ваъда бериб 350.000сўм пулини олади. 1947 йилда туғилган Б.Жаннадан 500.000 сўм,  1975 йилда туғилган Алишердан  600.000 сўм, Д.Валентинанинг газ плитасини таъмирлашнинг имкони йўқлиги, ис газидан заҳарланиши мумкинлигини айтиб, плитани янгилаб бериш шарти билан 1.200.000 сўмини олиб, чув тушириб кетади. Азиз 2023 йилнинг август-сентябрь ойларида фуқароларнинг  2.650.000 сўм пулларини олиб ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

–  Ҳадеганда газ ҳисоблагич келавермагач, Галина газтаъминоти корхонасига Ботирни излаб боради. Бироқ корхонадагилар бундай ишчи йўқлигини айтишади. Бошқа жабрдийдалар ҳам турли исмли газ хизматчисини қидириб боришганда,  фирибгарнинг тузоғига илинганини сезиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишади, – дейди Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Б.Бекназаров. – Жабрдийдаларнинг алданиб қолишига яна бир сабаб, Азиз бу хонадонларга ташриф буюрганда, ҳеч ким унинг ҳужжатларини сўрамаган, ҳақиқатдан ҳам ҳудудгазтаъминотида ишлаш-ишламаслигини текширмаган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди 1998 йилда туғилган Азизнинг қилмишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  168-моддаси 3-қисми  “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли, деб топди. Унинг пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўла қоплаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech