СИНЧКОВ, НИГОҲИ ЎТКИР
Август ойининг сўнгги кунлари. Соат тахминан 08:31 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 17-мавзесидаги кўп қаватли уйлардан бирининг олдида турган фуқаро Н.Ш.га тегишли «Жентра» русумли автоулов салонидан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул ўғирлаб кетилди.
Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойида иш олиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ катта эксперти, капитан Боғибек Тожибоев ҳамда эксперт, капитан Арслон Мансуров автоуловни кўздан кечириш жараёнида бир неча қўл бармоқ изларини олишди. Олинган изларни тадқиқ қилиш жараёнида икки дона қўл бармоқ излари Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида яшовчи К.Б.нинг бармоқ излари билан мос тушди. Шу тариқа жиноят фош этилиб, К. Б. айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилди.
Жиноятни очишда иштирок этган лавҳамиз қаҳрамони капитан Арслон Мансуров болалигидан детектив кинолардаги изқуварларга ҳавас қиларди. Айниқса, кўз илғамас деталлардан ҳам жиноятчи ҳақида катта маълумот оладиган эксперт-криминалистларга қизиқиши баланд эди. Шунинг учун ҳам у ИИВ Академиясида айнан эксперт-криминалистика фаолияти йўналишида таҳсил олди.
У дастлабки хизмат фаолиятини Сирдарё тумани ИИБ ЭКБда бошлади. Бу ерда устози Сирдарё вилояти ИИБ ЭКМ бошлиғи, подполковник Бегзод Ботиров ва бошқа ҳамкасбларидан соҳа сир-асрорларини ўрганди. Тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига чиқиб, ашёвий далилларга ишлов бериш маҳоратини оширди. Орадан икки йилча вақт ўтиб, у пойтахтда хизмат фаолиятини давом эттирди.
Капитан Арслон Мансуров бу ерда ҳам изланишдан тўхтамади. Дактилоскопик, трасологик, баллистик, хатшунослик, ҳужжатларнинг техник криминалистик, портрет, совуқ қуролларнинг криминалистик тадқиқотлари экспертизаси бўйича ўқиди ва етарли билимга эга бўлди. Мазкур йўналишлар бўйича мустақил эксперт тадқиқотлари ўтказиш ҳуқуқини берадиган гувоҳномага эга бўлиб, етук мутахассис бўлиб етишди.
У ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноятларни фош этишда яхши натижаларни қўлга киритиш баробарида, турли танловларда фаол қатнашиб, фахрли ўринларни ҳам эгаллаб келмоқда. Хусусан, 2022 йилда Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари ўртасида ўтказилган «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик танловида 3-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилги танловда янада фаоллик кўрсатиб, 1-ўринни қўлга киритди. Энди навбат танловнинг республика босқичига.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.