Бир ойда бир марта бериладиган маошга қаноат қилмаган Тоҳир кунлик меҳнат бозорига чиқиб тирикчилик қилиб юрди. Кунбай иш унга ёқиб тушди, негаки, кунига қўлингда пул бор. Рўзғорга етиб турибди. Бироқ бу хотин дегани уч нафар вояга етмаган фарзандларини, уларни емак-ичмаги, уст-бошига етмаётганини рўкач қилавериб жонига тегарди. Бундай ишнинг баракаси йўқ, доимий иш топиб ишланг, деб ҳоли-жонига қўймасди. Эҳ, бу хотин қаёқдан билсин: мижоз манзилига етгунча тушлик бўлади, ими-жимида айтган ишларини қиласан қарабсанки, кеч тушади, келишилган пулни олиб кетаверасан. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Нимаси ёмон... Аммо хотинига буни тушунтириб бўлмайди. Очиғи, бора-бора Тоҳирга бу иш ҳам ёқмай, кўнгли катта пулни тусаб, уни қандай қўлга киритиш ҳақида ўйлай бошлади. Шу билан хотинининг ҳам чакагини ўчириб қўйишни ният қилди.
2022 йилнинг айни баҳор фасли. Ҳамма ёқ жонланиб, яшнаб, гуллаш, ҳаракат иштиёқида. Унинг ҳам пайтавасига қурт тушган. Қишнинг узун тунларида бекорчиликдан тузган режасини амалга ошириш вақти келганди. У синфдоши Бахтиёрга қўнғироқ қилиб муҳим бир ишда ёрдам беришини сўраб, учрашувга таклиф қилди.
– Дўстим, биласан, учта ёш болаларим бор. Мардикор ишлаб косам оқаргани йўқ. Ёрдамингни аямасанг. Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автомашина топиб берсанг, киракашлик қилиб, рўзғоримни тебратсам. Йўқ, дема! Яхшилигингни бир умр унутмайман.
– Биламан, ҳозир ҳаммага қийин. Мен сўраб-суриштирай. Топганим ҳамон сенга қўнғироқ қиламан.
Бахтиёр лафзида турди: синфдошининг оиласига, болаларига ачинибми, таниши Ботирга тегишли автомашинани гаплашиб берди. Бироқ Тоҳир автомашинани қўлга киритиши биланоқ пулини насия қилиб, уни сотиш тараддудига тушди. Автомашинага дарров харидор ҳам топила қолди ва уни 8.200 АҚШ долларига сотиб юборди, пулларни эса ўзи ишлатди.
– Яхшиликка ёмонлик, деб шунга айтсалар керак, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Улуғбек Фозилов. – Тоҳир илгари: бир йил олдин ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган, ўшанда оиланинг ягона боқувчиси, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, муқаддам судланмаганлиги инобатга олиниб, унга озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган эди. Бироқ Тоҳир бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Биринчи жинояти учун суд ҳакамлари унинг оиласи, фарзандлари ҳақида қайғуриб унга енгил жазо берди, аммо ўзи бу ҳақда ўйламай, яна жиноятга қўл урди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган Тоҳирнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олиниб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.