Давлатманд бўлсин деган ниятда ота-онаси 1996 йилда туғилган фарзандларига Давлатбек исмини қўйишди. Қанийди, фарзандлар ота-она орзу-ҳавасларини рўёбга чиқаришса-ю, дуоларини олиб юришса... Дунёда бундан-да ортиқ бахт бўлмаса керак ота-она учун. Бироқ акси бўлса-чи?!
Орзу-умидларини ўғли Давлатбекка боғлаган ота-онанинг афсуски, ишончи оқланмади. Илк бор фирибгарлиги учун суднинг қора курсисига ўтирган Давлатбекнинг суд жараёнида қатнашган ота-она ўғилларининг кимга ўхшагани, қаердан шунча фириб ва ҳийлакорлик, текинхўрлик ва айёрлигини ўйлаб ўйига етишолмасди. Ахир улар бир умр ҳалол меҳнат қилиб, фарзандини ростгўйлик ва тўғрилик руҳида тарбиялашмаганмиди! Бир-бирларига: “кимга ўхшади бу?”дея қайта-қайта савол беришар, жавобини топишолмай ҳангу манг бўлишарди. Кейин эса иккинчи, учинчи ... ўнинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирганида онанинг юраги дош бермади. ўғлининг яна қамалиши, тўрт девор ичида гулдек умрини хазон қилишини ўйлаб эмас, бегуноҳ одамларни аямай қақшатиши, ҳар гал жабрдийдаларнинг кўзларидаги гўёки “қанақа онасиз, ўғлингизга тарбия бера олмаган, ҳайф сенга ...” деган таъна-ю маломатнинг залвори эзиб қўйгани, умидларининг чилпарчин бўлганидан. Аммо бу йўқотиш ноқобил ўғил учун сабоқ бўлди десангиз, адашасиз. Давлатбек онанинг ўлимида виждон азобида қолиш тугул, айбдорлик ҳиссини ҳам туймади. Келди-кетди кўзига бағритош ва худбин кўринмаслик учун “йўлини” қилди холос. Энди ёлғиз қолган ота “бу кимга ўхшади?” деб эмас, “бу ўзи одам-ми?!” дея савол исканжасида қолганди.
2022 йилнинг 7 июлида Юнусобод туманида ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун пайт пойлаб юрган Давлатбек Ҳайитжон бошқарувидаги автомашинани қўл кўтариб тўхтатди. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетаркан, турмушидан, рўзғордаги етишмовчиликдан нолиди. Ҳайдовчи унинг қийин аҳволини тушунгандек тасалли бера бошлади. Эркак киши йиғламасин экан... Пули йўқ одам асли таксига ўтирадими – бу ҳақда Ҳайитжон ўйлаб кўрса бўларди. Аммо у Давлатбек – аслида бўлмаган хотинига –дори-дармон олиши учун 700 минг сўм сўраганида йўқ дея олмади. Давлатбек Ҳайитжонни танлаб адашмаган экан-а?! Ваҳоланки, Давлатбек пулни Яшнобод туманидаги туғруқхонада ишловчи хотинидан олиб беришни ваъда қилганди. Ҳайитжон уни Олой бозорига элтиб кутиб турди. Давлатбек дориларни олиб чиққач, кейинги манзил томон йўл олишди. Туғруқхонага етиб келгач, Давлатбек пул олиб чиқиш баҳонасида туғруқхонага кириб кетди. Ҳайитбек кута-кута тоқати тоқ бўлиб, туғруқхонага кириб у ерда ўтирган қоровулдан сўради. Қоровул касалхонанинг нариги томонида катта йўлга чиқадиган иккинчи эшиги борлигини айтганида, Ҳайитжон чув тушганини тушунгандек бўлди. Вақтни бой бермай ички ишлар идорасига қўнғироқ қилди.
– Букрини гўр тузатади, деган халқ нақли, Давлатбек сингариларга нисбатан айтилган. Йўқса, ҳали қамоқхонадаги ўрни совимасдан, озодлик ҳавосини сипқориб улгурмасдан қайта жиноятга қўл урадими?! – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Одил Маматаев. – Афсуски, Давлатбек каби хавфли рецидивист, деб топилганларнинг руҳиятида ўзгаларга хайрихоҳлик, ён босиш, дардкашлик каби ҳиссиётларга ўрин йўқ.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Давлатбекни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди. У томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг тўлиқ қоплангани, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.