Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир “Болалар ҳуқуқи ва унинг ижтимоий кафолати” мавзусига бағишланди
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани), болалар ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш бўйича етакчи мутахассиси Саттор Рахматовнинг маърузаси тингланди. Маърузачи мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилганлигини таъкидлади. Юртимизда болаларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишиши, ақлий ва жисмоний жиҳатдан соғлом улғайиши учун энг керакли шарт-шароитлар яратилган. Дини, ирқи, ранги, миллатидан қатъий назар ватанимиздаги барча фарзандлар ана шу имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва фойдаланиб келмоқда. Маърузачи болалар ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни халқаро стандартлар ва миллий механизмлар орқали амалга ошириш ишлари узлуксиз олиб борилаётганини қайд этди.
Сардор Рахматовнинг маърузаси тадбир қатнашчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Маърузадан сўнг мазкур мавзуга бағишланган видеоролик шахсий таркиб эътиборига ҳавола этилди.
Қисқа лавҳадан сўнг хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган бир гуруҳ фидоий ходимларга навбатдаги унвонлар тантанали равишда топширилди. Ўз навбатида рағбатлантирилган ходимлар юртимиз тинчлиги, осойишталиги йўлида куч-ғайратларини аямасликларини изҳор этишди.