1 Июл 2024 йил 1216

Сафларимизда билимдон ёшлар

     Фазлиддин Ҳакимов касб танлашда ўйланиб ўтирмади. Чунки, отаси  Акмал ака кўп йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилган, масъулиятли ва қаттиққўл, бир сўзли инсон. Отанинг тартибли, интизомли, ҳамиша билимларини оширишга бўлган ҳаракати фарзандлар тарбиясида ҳам ўз аксини топганди.

     2022 йилда Тошкент Давлат юридик университетини муваффақиятли битирган Фазлиддин Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармасида иш бошлади.

     –Устозим махсус топшириқлар бўйича инспектор, капитан Яшнар Мусурмоновдан хизматнинг сир-асрорларини ўргандим, – дейди  лейтенант Фазлиддин Ҳакимов. – Ҳужжатлар билан ишлаш, ҳисоботларни тўғри ва аниқ юритиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактик тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, айниқса ёшлар, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги билим ва тажрибалари  ҳар қанча ўрганишга лойиқдир.

     Фазлиддин жуда омадли экан, зотан уйда отаси Акмал акадан йўл-йўриқлар олса, тушунмаганини сўраб билса, ишхонада устози Яшнар Мусурмоновдан  билмаганларини ўрганди.

     Онаси Холида опа ҳар сафар ўғлини ишга кузатар экан, ҳамиша ҳалол, пок ишлаши, ўқиб ўрганишдан чарчамаслигини, ҳамиша ўз устида ишлаши лозимлигини таъкидлайди. Волидасининг сўзлари доим унинг қалбида акс садо бериб туради.

     – Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги турли-туман контентларнинг ёшлар онгига таъсири жуда кучли. Уларни орасидан кераклиларини саралаб олиш ҳали онги ривожланмаган, дунёқараши шаклланмаган ўсмирлар учун анча мушкул, – дейди суҳбатни давом эттирар экан лейтенант Ф.Ҳакимов. – Ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган, тарбияси оғир деб топилган ўсмирлар билан тушунтириш ишлари олиб борилганда, улар аксарият вақтларини интернет-кафе, интернет-клубларда ўтказишлари маълум бўлади. Шу боис ота-оналар фарзандлари интернетда нималарни кўрмоқда назорат қилишса, айни муддао бўларди.


     Ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари ҳамиша долзарб бўлган ва шундай бўлиб қолади. Пойтахт ИИББ ҲПБ катта инспектори, лейтенант Ф.Ҳакимовнинг ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида профилактика масалаларига урғу бериши, келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларни эгри йўлдан қайтариш, баркамол инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшишдан иборатдир.

Барча янгиликлар

Text to speech