Айримларнинг исми жисмига монанд бўлади. Бироқ Улуғбек ҳақида бундай деб бўлмайди. Беш маротаба жинояти учун судланиб, ҳаётининг анча қисмини панжара ортида ўтказган, хавфли рецидивист деб топилган шахс ўз исмини оқламади. Тегишли хулоса чиқариб, тўғри йўлга кириш, оиласи, маҳалладошлари, юртимизга фойда келтирадиган бирор ишнинг этагидан тутиш, ҳалол меҳнат қилиш ўрнига, яна жиноятга қўл урди.
2023 йилнинг март ойида таниши Жўрабек “Дамас” автомашинасини харид қилиш ниятида юрганидан хабар топиб, унга автосалондан навбатсиз янги автомашина олиб беришни ваъда қилди. Улуғбекнинг ваъдасига ишонган Жўрабек ўз ихтиёри билан 5 минг АҚШ долларини ҳеч қандай расмиятчиликсиз унинг қўлига тутқазди. Улуғбек эса виждони қийналмай, бу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди. ”Дамас” автомашинасини кута-кута, чув тушганини англаган Жўрабек ички ишлар идораларига мурожаат қилди.
– Одамларга ҳайронсан, расмий сотув салонларига мурожаат қилмай, таниш-билишлар орқали ишларини битиргиси келади. Навбатда тургиси, кутгиси келмайди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзодбек Давирбоев. – Лекин фирибгарнинг ортидан пулларини ололмай югур-югурига ундан-да кўп вақти кетишини ўйламайди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Улуғбекнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Суд етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, шунингдек Жиноят кодексининг 60-61-моддалари тартибида илгари ўталмай қолган жазони қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида – 90 миллион сўм жарима ва иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш билан бир йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.