2 Июн 2024 йил 2793

Расмий ахборот

     Жорий йилнинг 1 июнь куни соат 12.00 да Тошкент шаҳридаги «Ашхобод» кўнгил очар боғида текинга 20 000 та ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида боғ маъмурияти томонидан ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган. Бироқ, бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 000 нафар фуқароларни боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган. 

     Лекин боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида  аҳолини оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган.

     Натижада боғ ҳудудидига кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар юзага келди.

    Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

     Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори 1981 йилда туғилган А.Н., директор ўринбосари 1987 йилда туғилган А.З., реклама бўлими бошлиғи 1994 йилда туғилган Д.Т.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185 прим.3, 200 прим.1, 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

     Ҳурматли тадбиркорлар ва фуқаролар! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги Қарори талаблари асосида оммавий тадбирни ўтказишга рухсат олиш учун бир ой олдин мурожаат қилиш лозим. Рухсат берилмаган оммавий  тадбирни ўтказиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Барча янгиликлар

Text to speech